Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Покистон диний уламолари билан Ўзбекистонда Зиёрат туризмини ривожлантиришга доир видеоконференция ўтказилди
2020-12-17 | Туризм
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ҳамкорлигида мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мавзусига бағишланган видеоконцеренция ўтказди.
Онлайн мулоқотда Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Гумман Кавар, Дин ишлари бўйича федерал вазири Пир Нур-ул-Ҳақ Қадрий, “Нақшбандия” ордени етакчиси Пир Нақиб ур-Раҳмон, Зиёрат туризм элчиси Пир Ҳассиб ур-Раҳмон, Миллий Ассамблея спикери ўринбосари Қосим Касурий, Ўзбекистоннинг Покистондаги Ахборот-туристик маркази директори Ҳамид Чоудурий, “Shaheen Pharmaceuticals” соҳиби Доуд Шаҳин, Ислом идеологияси жамияти раиси Қибла Аёз, “Petroleum Exploration Pvt.Ltd.” директори Шаҳбоз Зоҳир ҳамда нуфузли журналист Салим Сафий иштирок этди. Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилишди.
Тадбир доирасида Нақшбандия тариқати вакиллари учун Бухорои шариф Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидан кейин туриши қайд этилди. Покистон Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Қосим Касурий ўз мамлакатида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилувчи кишилар кўплиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши кўплаб покистонликларнинг Ўзбекистонга зиёрат қилишига сабаб бўлишини таъкидлади.
Азиз Абдуҳакимов, ўз навбатида, Покистон Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Қосим Касурийни Ўзбекистонга таклиф қилиб, қисқа муддатда унга расмий таклифнома йўлланишини билдирди. Покистон томон ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилди. Покистоннинг Дин ишлари бўйича федерал вазири Пир Нур-ул-Ҳақ Қадрий Ўзбекистон ва Покистон халқини нафақат иқтисодиёт, туризм, маънавият ва адабиёт, балки маданият, санъат, умумий тарих ва ягона дин ҳамда бошқа барча соҳалар чамбарчас боғлаб туришини алоҳида қайд этди. Айниқса, Покистон ошхонасининг энг севимли таоми Бухоро палови ва ўзбек сомсаси эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Покистоннинг ислом динини тўғри англаш ва уни ҳаётга тадбиқ қилишда Мовароуннаҳр уламоларининг хизмати беқиёс эканлигини билдирди. Бош вазир ўринбосари икки томонлама ҳамкорлик, жумладан зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун виза ва транспорт масалаларини такомиллаштириш, аниқ таклифларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Тадбир якунига кўра, томонлар покистонлик йирик сиёсий арбоблар ва туризм элчимизнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, зиёрат туризмини тарғиб қилиш бўйича алоҳида меморандум имзолашга оид келишувга эришишди.
Таъкидлаш жоизки, куни кеча Ўзбекистон Президенти томонидан туризм ва спорт масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида зиёрат туризми устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб берилди. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари борлигидан келиб чиқиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Давлат раҳбари томонидан келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналарига мамлакатимизнинг зиёрат туризми интенсив тарғиб қилиниши белгиланди.
Шунингдек салоҳиятли мамлакатларга авиақатновлар сонини ошириш ва виза тизимини енгиллаштириш кўзда тутулмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги