Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2020-12-17 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни “Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги тизим жорий этиш, яъни “Аёллар дафтари”ни шакллантириб, унга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларни киритиш орқали муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари томонидан Ангрен ва Олмалиқ шаҳрида мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича ўрганилди.
Жумладан, ўрганиш давомида Ангрен шаҳардаги “Озодлик”, “Истиқбол”, “Янги ҳаёт”, “Майдон” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда Олмалиқ шаҳридаги "Ойдин", "Шошилоқ", "Бобур" ва "Саховат" маҳалла фуқаролар йиғинларида “Аёллар дафтари” бўйича хатлов жараёнларини сифатли ташкил этиш, бу борада ҳудудларда сектор ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги муҳокама этилди.
Шунингдек, хатлов ишлари якунланган маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар муаммолари бўйича уларга манзилли кўмак кўрсатиш, аёлларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, “Темир дафтар”га киритилган аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали эҳтиёжмандликдан чиқариш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги