Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Саудия Арабистони онлайн бизнес-форуми бўлиб ўтди
2020-12-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида онлайн бизнес-форум ўтказилди.
Мамлакатимизнинг Ар-Риёддаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Саудия Арабистонига экспортини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ар-Риёд Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ноиф Ал-Рожиҳий раислигида бўлиб ўтган форумда Хоразм, Наманган, Ар-Риёд ва Жидда вилоятлари тадбиркорлари қатнашди.
А.Икромов мамлакатимизда хорижий ишбилармонлар учун яратилган шарт-шароитлар, уларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўзаро алоқаларда савдо-саноат палаталарининг роли таъкидланди. 2018-2019 йилларда тўрт 4 маротаба қўшма бизнес-форумлар ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. Бундай тадбирларнинг ёрқин натижаси сифатида Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси томонидан республика энергетика соҳасига 2,2 миллиард долларга яқин инвестиция киритилаётгани эътироф этилди.
Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, яқин истиқболда Саудия Арабистонига ўзбек мева-сабзавотлари экспорти ҳажмини оширишга эришилишига ишонч билдирди.
Ноиф Ал-Рожиҳий қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаб ўтказилаётган мазкур бизнес-форумнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлади. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи дунёдаги глобал долзарб мавзулардан бири бўлиб қолаётганини билдирди. Саудия Арабистонининг «Нигоҳ-2030» ислоҳот дастурида ҳам ушбу йўналишга катта эътибор қаратилгани, Подшоҳликда бу йўналишда тегишли стратегия қабул қилинганини маълум қилди.
Бизнес-форумда, шунингдек, Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом Ал-Сувайлим сўзга чиқиб, савдо ва инвестиция соҳаларидаги алоқалар икки биродар мамлакат муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири эканини қайд этди. Ўтган йилларда ўтказилган бизнес-анжуманлар доирасида имзоланган ҳамкорлик битимлари ўз самарасини бермоқда.
— «Нигоҳ-2030» давлат дастури Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар билан ўхшаш ва ҳамоҳанг, — деди Саудиялик дипломат. — Яқин келажакда давлатларимиз ўртасида ишбилармонлар кенгашини тузиш масаласи ижобий ҳал этилишига ишончим комил. Мен икки давлат тадбиркорларини ўзаро инвестиция ва савдо алоқаларини жадаллаштиришга даъват этаман.
Ар-Риёд Савдо-саноат палатаси миллий балиқчилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш қўмитаси раиси Иброҳим Ат-Туркий озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасидаги ҳамкорлик томонлар учун манфаатли эканига ишора қилди. Унинг маълум қилишича, Саудия Арабистони озиқ-овқат соҳасига ҳар йили 60 миллиард доллар сарф этади. Кейинги ўн йилликда эса бу эҳтиёж 375 миллиард долларга етади.
Ат-Туркий мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо айирбошлашда логистика масалаларини ҳал қилиш бўйича мақсадли таклифлар ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳи тузиш ташаббусини ўртага ташлади.
Анжуманда Наманган ва Хоразм вилоятлари вакилларининг озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича имкониятлари борасида тақдимот ўтказилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги