Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллаларнинг “ўсиш нуқтаси” аниқланиб, соҳадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилади
2020-12-16 | Жамият
Маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим бўғини сифатида ҳар биримизнинг ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
Оилаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, юрт тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ижобий ҳал этишда ушбу ноёб тузилманинг ўрни беқиёс.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани натижасида маҳалла юртимиздаги демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифлари давомида Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалланинг ролини ошириш, тизимдаги ишларни “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Маълумки, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури “тепадан – пастга” тизими асосида шакллантирилар эди. Хоразм вилояти мисолида илк бор ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизимга кўра, эндиликда туманлардаги иқтисодий коплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.
Ҳали ҳам маҳалла тизими ходимлари зиммасига ортиқча, фаолиятига дахли бўлмаган вазифалар юкланаётгани, бунинг натижасида эса маҳалла ходимлари аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, томорқачиликни ривожлантириш, маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, жиноятчиликнинг олдини олиш каби ўзларининг бирламчи вазифаларибилан шуғулланишига вақт ажрата олмаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Шу боис бу каби мавжуд муаммоларни буткул бартараф этиш ҳамда давлат идораларининг маҳаллада ўз ишларини тизимли равишда амалга оширишлари кераклиги бўйича аниқ дастур ишлаб чиқилди. Шу билан бирга,вазирлик ва тармоқлар, банклар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятидаги мавжуд 519 маҳалланинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, маҳаллаларда яшовчи аҳолининг имкониятлари, уларнинг даромадини ошириш, қайси йўналишлар бўйича иш олиб бориш кераклигидан келиб чиқиб, “ўсиш нуқталари”белгиланди.
Унга кўра, вилоят маҳаллаларида чорвачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик ёки бошқа ишлаб чиқариш истагини билдирилган 11 та “ўсиш нуқталари” аниқланди. Эндиликда фуқаролар йиғини раислари йирик тадбиркорларни аҳоли хонадонларига касаначилик тизимида ишлаш учун бириктириб беради. Бу орқали аҳоли бандлиги таъминланиб, оилаларнинг реал даромадлари ортишига эришилади.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида ҳар қандай соҳа ривожини етук ва малакали кадрлар таъминлашига алоҳида урғу бериб, мамлакатимиздаги ислоҳотларни энг қуйи бўғинга етказишда маҳалла раислари билан бирга, маҳаллий раҳбарлар ҳам сусткашликка йўл қўяётганини жиддий танқид остига олди.
“Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарса талаб қиламиз, лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги, одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу...” дея таъкидладилар Муҳтарам Президентимиз.
Мазкур тизимни йўлга қўйиш учун дастлаб Боғот тумани мисолида 46 та маҳаллага 3 та банк бириктириладиган бўлди. Шу тариқа ташкилот ходимлари маҳаллаларга бориб, аҳолининг муаммо ва таклифларини хонадонма хонадон юриб ўрганади ва маҳалланинг иқтисодий ривожланиш чоралари кўрилади.
Яъни, Давлатимиз Раҳбари бундан буён давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда вилоят ва тумандаги маҳаллий раҳбарлар маҳалла раислари билан бирга маҳаллада ишлаши, улар фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарларига кўмакчи бўлиши, “маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишига алоҳида урғу бердилар.Шу билан бирга, мазкур тизимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.
Қолаверса, Муҳтарам Президентимиз юртимиздаги қайси оилага кирилмасин, аёлларни қийнаётган муаммо албатта ижобий ҳал қилиниши зарур экани, шу пайтга қадар бу жиддий масалага панжа орасидан қараб келингани, хотин-қизлар ҳолидан фақат байрамлардагина хабар олинганини куйиниб гапирдилар. Шу боис мамлакатимизда “Аёллар дафтари” жорий этилгани, бундан буён хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг кайфияти, руҳий ҳолати билан тизимли равишда ишланиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, маҳалла ходимлари ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликдан хабардор бўлиши, ушбу салбий ҳолатни жиноят содир этган шахснинг ота-онаси билан муҳокама қилиши кераклигини ҳамда бундан буён маҳалла тизими ходимларининг ойлик маошлари ҳудудда жиноятнинг жиловлангани, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” билан ишлашдаги натижаларига қараб ошириб борилишини таъкидлаб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, давлат идоралари маҳалла ичига кириб, аҳоли муаммоларини атрофлича ўрганиши, халққа янада яқинлашиб, одамларнинг таклиф ва истакларини амалга ошириш учун уларга яқиндан кўмак бериши жамиятимиздаги оғриқли муаммоларни тизимли равишда ҳал этишга замин яратади. Бу эса юртда тарққиёт ва фаровонлик даражаси янада юксалади, деганидир.
Раҳмат МАМАТОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,Олий Мажлис Сенати аъзоси
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги