Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун "Ўзбекистон маданий бойлиги янги Ренессанс пойдевори" IV Халқаро конгрессига старт берилади
2020-12-15 | Маданият
Жорий йилнинг 15-18 декабрь кунлари Тошкентда анъанавий Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистон маданий бойлиги янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV Халқаро конгресс бўлиб ўтади.
Ҳафталикнинг ушбу муҳим тадбири бугун, 15 декабрь куни Ёшлар саройи биносида бошланади. Конгрессда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан 300 дан ортиқ таниқли хорижлик олимлар, шунингдек 1000 га яқин маҳаллий олимлар ва юртдошларимиз қатнашадилар.
«Ўзбекистоннинг маданий бойлиги янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV Халқаро Конгресснинг икки куни Ўзбекистон маданий меросининг қимматини очиб беришга қаратилган хорижий олимларнинг маърузалари учун ажратилган.
Машҳур шарқшунослар, ўзбек заминидан етишиб чиққан энг буюк мутафаккирларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, илмий-маданий юксалишнинг қудратли туғёнлари – бутун инсоният тарихида бетакрор даврларга айланган ҳамда маърифатпарварлик, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик муҳитини ўзида намоён этган биринчи ва иккинчи Ренессанс даврларининг ютуқлари ҳақидаги, ўзларининг кўп йиллик тадқиқотларида акс этган таъсирчан ва шов-шувли натижалар билан ўртоқлашадилар. Ўзбекистон Президенти томонидан янграган янги Ренессанс ғояси, республикада ҳаётнинг кўплаб соҳаларида кенг кўламли янгиланишга ўтилаётган бир пайтда, алоҳида мазмун касб этмоқда. Мамлакатимиз тарихида юқорида кўрсатиб ўтилган нурли даврлардан бошқа ҳам, кўплаб шонли саҳифалар мавжудки, улар ўзининг юксак ютуқлари ортидан ҳамон тадқиқотчилар эътиборини жалб этиб келмоқда.
Конгрессда Бутунжаҳон жамиятининг Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича 2025 йилгача олиб борадиган ишларининг «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакатимиз музейлари ва кутубхоналарига «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси китоб-альбомлари ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимилеларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтади.
Шу куни мамлакатимиз маданий-тарихий меросига бағишланган тақдимотлар ва маърузалардан ташқари, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 35 та ноёб китоб-альбомларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Китоблар, турли даврларга оид бўлган ва дунёнинг турли мамлакатлари тўпламларида, жумладан Чехия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия, Япония музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон санъат асарларининг ранг-баранг палитрасини ўзида акс эттиради. Улар орасидаги бир нечта жилдлар, мамлакатимиздаги Давлат тарихи музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Беруний номидаги Шарқшунослик институти музейларида сақланаётган нодир асарларга бағишланган.
Ҳафталикнинг учинчи куни кино санъати ва тарихий фотосуратлар мавзусига бағишланган. Шу куни Марказий Осиё минтақаси киношунослари секциясининг йиғилиши бўлиб ўтади, шунингдек Бутунжаҳон жамияти ҳомийлиги остида Ўзбекистон кинематографияси тарихи учун жуда қимматли саналган, мультипликацион фильмлар (100 дан ортиқ мультфильмлар) ва ўзбек киносининг олтин коллекциясида турадиган олтита фильмни Россия кинофондидан Ўзбекистонга қайтариш маросими бўлиб ўтади.
Ҳафталикнинг тўртинчи куни ёш авлод ўртасида маданият ва фанни оммалаштиришга йўналтирилади. Ўзбекистонлик ёш авлод вакилларига мамлакатимизнинг маданият ва санъат соҳасида эришган ютуқлари билан мароқли тарзда танишиш имкониятини яратувчи, махсус интерактив платформалар тайёрланади. Мультимедиали «базалар», жонлантирувчи тарихий картиналар билан 3D-инсталляциялар, тарихий фильмлар ва китоблардаги саҳналарнинг тарихий реконструкциялари, ҳунармандларнинг тематик ҳудудлари.
Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги меҳмонлар ва иштирокчилар учун кўплаб ёқимли хушхабарларни тайёрламоқда. Улар орасида – миллий кинолар премьералари намойиши, нодир хроник лавҳалар акс этган «Кинолектория», «Миллий либослар – янги Ренессанс дурдонаси» мавзусидаги ёрқин ва ранг-баранг fashion-шоу ва бошқа кўплаб қизиқарли тадбирлар бор.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги