Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Рангсиз тушлар" фильми xалқаро фестивалда иштирок этади
2020-12-14 | Маданият
Жорий йилнинг 18-22 декабрь кунлари Италия Республикасининг Рим шаҳрида 18 мамлакатдан саралаб олинган фильмлар иштирокида "Asiatica Film Festival XXI" халқаро кинофестивали бўлиб ўтади.
Мазкур кинофестивал сўнгги йиллар Осиё қитъасида суратга олинаётган сара кинокартиналарни кўриш орқали, қисқа метражли, бадиий ва ҳужжатли фильмлар орасидан муносибларини тақдирлайди. Мазкур кинофестивалда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" бадиий фильми ҳам иштирок этади.
Фильмда неча йиллик маҳкумликдан сўнг, озодликка чиққан аёл – Кашмиранинг жамиятга мослашишидаги қийинчиликлар ҳикоя қилинади. Шунингдек, ўткир ижтимоий муаммолар ва жамиятнинг айрим камчиликлари намойиш этилган.
Фильмда ролларни Феруза Саидова, Карим Мирходиев, Шоҳида Исмоилова, Бекзод Абдумухитов ва Асал Абдуллаевалар ижро қилишган. Фильм сценарий муаллифи Умид Ҳамдамов, оператор Азизбек Арзиқулов, рассом Шамшод Иброҳимов, композитор Убайдулло Каримов.
"Asiatica Film Festival XXI" халқаро кинофестивали доирасида таниқли киномутахассислар билан мастер-класслар, ижодий суҳбатлар, халқаро доирада эътироф этилган киноасарларнинг муҳокамалари ҳам бўлиб ўтади.
Манба: «Халқ сўзи»