Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг 21-мажлиси бўлиб ўтди
2020-12-11 | МДҲ
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги доирасида божхона соҳасида ҳам минтақада ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 декабрь куни Ҳамдўстликка аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг навбатдаги 21-мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференция тарзида ўтказилган мажлисда Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, ва Ўзбекистон божхона хизматларининг маъсул вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида қўмита раиси мамлакатимиз вакилларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган сана билан қизғин муборакбод этди.
Шундан сўнг кун тартибидаги долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, томонлар МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги фаолиятини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Стратегияси лойиҳасини кўриб чиқишди.
Мазкур ҳужжат ўзида божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги фаолиятини ривожлантиришнинг умумий мақсадлари, асосий йўналишлари ва вазифаларини акс эттиради.
Энг муҳими бунда иштирокчи давлатларнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу муносабат билан қўмита томонидан ишлаб чиқилган МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг янги таҳрирдаги Низоми видеоконференция давомида атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда яна бир муҳим ҳужжат - божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Иш режани ишлаб чиқишда ўтган йиллар давомида тўпланган тажриба ва амалдаги қонунчилик базаси доирасида божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари инобатга олинган.
30 банддан иборат Режа нафақат ўзаро ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, божхона соҳасида жиноятчиликнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади, балки мазкур мақсадда божхона қонунчилиги бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ ташкилий ва амалий тадбирларни ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, режада томонларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир маълумотларни ўзаро алмашиши, божхона текширувлари ва суриштирув соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, кинология хизматини такомиллаштириш каби масалалар ҳам устувор аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг навбатдаги 21-мажлиси келгусида мазкур йўналишда ўзаро ишончли ҳамкроликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу эса нафақат ҳар бир аъзо давлатларда, балки бутун МДҲ бўйлаб божхона қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, айниқса наркотик моддалар савдоси, товарларнинг ноқонуний олиб ўтиш ва контрабандага чек қўйишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Йиғилии якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ аъзо давлатлар божхона хизматларининг контрабанда ва божхона қонучилигининг бузилишига қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган қўмита доимий коллегиал орган бўлиб, 2008 йилдан буён фаолият юритади.
Қўмита таркибида гиёҳванд воситаларининг халқаро савдосига, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, божхона текширувлари ва суриштирув масалалари, кинология, ходимларнинг малакасини ошириш, ахборот-таҳлилий ҳамкорлик, интернет майдонидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалар билан шуғулланувчи 6 та ихтисослашган ишчи гуруҳлар мавжуд.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси