Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенати қўмитасида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ахбороти эшитилди
2020-12-10 | Жамият
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг миллатлараро муносабатлар соҳасида мавжуд ҳолат юзасидан ахбороти эшитилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг бирлиги ва жипслигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган миллий маданий марказларнинг 130 нафарга яқин фаоллари фахрий унвонларга сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар ташаббускор ва фидойи юртдошларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан мукофотланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган.
Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилган.
Муҳокамалар чоғида сенаторлар соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга республика ва вилоят миқёсида эътибор қаратиш зарур бўлган масалалар ҳам мавжудлигини таъкидлади.
Хусусан, «Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни»ни жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини қисқа муддатларда парламентга киритиш, «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш юзасидан ҳукумат қарорини қабул қилиш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ахборот-таҳлил фаолиятини кучайтириш, «Дўстлик уйлари» ва маданий марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларнинг тотувлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тили ва урф-одатларини асраб-авайлаш ва бошқа таклифлар билдирилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги