Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қирғизистон Республикаси ҳукумати делегацияси Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини ўрганиб чиқди
2020-12-10 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси чегараолди вилоятлари раҳбарлари ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари Кенгашининг учинчи йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар доирасида Бош вазир вазифасини бажарувчиси А.Новиков бошчилигида ҳамда Баткен, Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг ваколатли вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат Қирғизистон Республикаси делегацияси Фарғона вилоятининг бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ва объектларига ташриф буюриб, ҳудуднинг саноат салоҳияти билан танишди.
Жумладан, делегация Марғилон шаҳридаги замонавий “Narimteks” тўқимачилик корхонасига ташриф буюрди. Ушбу 8 миллион долларлик лойиҳа 2008 йилда амалга оширилган; фабрикада ҳозирги вақтда 180 киши иш билан таъминланган ва унинг тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 100 000 донага тенг.
Делегация Фарғона вилоятининг Фарғона туманида жойлашган “Eco-Kerama” маиший санитария буюмлари ва сопол қурилиш буюмларини ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли заводда ҳам бўлди. Ишлаб чиқариш объекти жорий йилнинг июнь ойида ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 500 минг донага тенг ҳажмда яқин тайёр маҳсулот ишлаб чиқарди ва унда банд бўлган ишчилар сони эса 200дан ортиқ нафарни ташкил этади. Компания Марказий Осиёда ўз соҳасида ягона бўлиб, Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига чиқиш истиқболи билан юқори экспорт салоҳиятига эга.
Бундан ташқари, делегация аъзолари томонидан “Франция–Ўзбекистон” қўшма корхонасида мева ва резавор мева винолар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди. Завод 2020 – йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда – ҳозирги кунда узум, анор, беҳи ва бошқа мевалардан табиий винолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг декалитрни ташкил этади.
Тадбиркорлар меҳмонларни ишлаб чиқариш жараёни билан таништириб, фойдаланилган технологиялар ҳақида батафсил сўзлаб берди, маҳсулот намуналарини намойиш этди ва истиқболдаги режалари билан ўртоқлашди.
Ташриф давомида делегация аъзолари икки мамлакат бозорларида ҳамда ташқи бозорларда талабга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон ва Қирғизистон ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини ўрнатиш учун мавжуд бўлган муҳим имкониятларни таъкидладилар. Шунингдек, саноат кооперацияси ҳам икки мамлакатнинг чегараолди вилоятларида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарини жалб қилиш ҳисобига тўлиқ қўшилган қиймат занжирларини яратиш орқали минтақавий даражадаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ишлаб чиқариш мажмуаларининг яқинлиги, ўз навбатида, транспорт харажатларини камайтириш ҳисобига маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга имкон беради.
Корхоналарга амалга оширилган ташриф давомида алоқа қилиш учун маълумотлар билан алмашилди ва ишбилармонлар ўртасида шерикликни ўрнатиш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги