Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшлар қалбида она Ватан ҳимоясига шижоат уйғотган саёҳат

2020-12-09 | Ёшлар

Тошкент ҳарбий округига қарашли сафарбарлик чақирув резерви батальонларидан бирида ҳарбий хизматчиларнинг бир кунлик фаолиятига назар ташланди.

Ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар ҳамроҳлигида кузатиб борилди.

Юртимизда Бош қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан ҳарбий қисм маданият марказида давра суҳбати ташкил этилиб, унда Гулистон ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия катта лейтенанти Алишер Аҳмедов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани Кенгаши раиси ўринбосари Сафия Абдулқодирова ҳамда Сирдарё туманининг 3-, 42-мактаб ўқувчилари иштирок этди.

Қизиқарли кечган тадбирдан сўнг ёшлар ҳарбий қисмдаги жанговар қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар ҳақида бошланғич маълумотларга эга бўлишди. Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида эса Амир Темурнинг ҳарбий юришларига оид манбалар, хусусан, “Темур тузуклари”, Люсъен Кереннинг “Амир Темур салтанати” асарларининг ғоявий-бадиий жиҳатлари ўрганилди.

Ҳарбий қисм электрон кутубхонасида ҳарбий хизматчилар ижтимоий сайтлар орқали юртимиз ва дунё ҳаётида кечаётган ҳарбий, ижтимоий-сиёсий янгиликларни доимий ўқиб боришлари мумкин. Шунингдек, Ziyonet порталидаги 6 000 дан ортиқ электрон ва аудио китоблар фойдаланувчилар ихтиёрида.

Бадиий кутубхонада эса илмий ва оммабоп, бадиий-сиёсий ҳамда газета ва журналлардан ташкил топган 2000 донадан ортиқ ўқув адабиётлари ва қўлланмалар, нашрлар мавжуд.

Ҳарбий хизматчиларнинг соғлом ҳаёт кечиришларида тиббиёт ходимларининг ҳам ҳиссаси катта. Барча шароитларга эга бўлган тиббиёт пунктида ҳарбий хизматчилар ҳар кунги тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳамширалар томонидан зарурий муолажалар олиб борилади.

Навбатдаги ўқув нуқтасида ҳарбий хизматчилар отиш тайёргарлиги машғулотидан ўқотар қуролларнинг техник-тактик хусусиятлари, қурол-аслаҳалар эҳтиёт қисмларининг номланиши, уларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича назарий-амалий сабоқлар олишди.

Кейинги ўқув нуқтамиз ДК-440 фотоэлектрон ўқ отиш тренажёри бўлди. Бу ерда ҳарбий хизматчининг синчи ва сергаклиги синовдан ўтказилади. Машғулотлар гуруҳ сардори томонидан баҳолаб борилди ва мерганлар эътироф этилди.

Яна бир муҳим ўқув нуқталаридан бирида шубҳасиз, жангчининг сабру иродаси имтиҳондан ўтади. Тактик шаҳарчадаги машғулотларда жанг майдонидаги хатти-ҳаракатлар, жангдаги манёвр усуллари ўргатилади.

– Бундан кўзланган мақсад – жангчининг жанговар руҳини барқарорлаштиришдан иборат, – дейди взвод командири майор Фирдавсий Қўзиев. – Жангчи ўз позициясидан ўқ отиб, симли тўсиқлардан ўтади ва кейинги ўқ отиш позициясини эгаллайди. Машқни бажариб бўлгандан сўнг машғулот раҳбарига билдирув беради.

Ўқувчи ёшлар, шунингдек, саф тайёргарлиги, қуролсиз ҳамда қурол билан саф амалларининг бажарилишига ҳам гувоҳ бўлишди. Шу куни ўнлаб ёш ўғлонларнинг кўнглида ҳарбий ҳаётга бўлган меҳр уйғонган, она Ватан ҳимоятига бўлган шижоат барқ урган бўлса ажаб эмас.

Лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Поделиться