Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Фаровонлик сари шериклик масалалари бўйича Европа Иттифоқи - Марказий Осиё мулоқоти” виртуал Иқтисодий форуми бўлиб ўтди

2020-12-09 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 7 декабрь куни “Фаровонлик сари шериклик масалалари бўйича Европа Иттифоқи - Марказий Осиё мулоқоти” виртуал Иқтисодий форуми бўлиб ўтди. 

Тадбирда Европа комиссияси раисининг ўринбосарлари В.Домбровскис ва М.Шефкович, Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Д.Саид, Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Сабиров, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султонов, Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича махсус вакили П.Буриан, Европа инвестиция банки вице-президенти Т.Червиньска, Европа комиссияси Бош директорининг ўринбосари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат доираларининг вакиллари ва хорижий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси номидан Форумда Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди.

Тадбир ЕИ ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича минтақалараро мулоқот қилиш майдончасидир. Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, бу каби тадбирлар барқарор қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва минтақавий ҳамкорликни ошириш учун нималар зарурлигини яхшироқ тушунишга имкон беради.

Форум давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ҳукуматлар томонидан пандемия билан боғлиқ иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Муҳокама чоғида “яшил” иқтисодиётга урғу берилган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларида инновацион иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ғоясига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда илғор илмий ва саноат технологияларидан фойдаланиш орқали табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилиш амалиётини жорий этиш ҳисобига энергия самарадорлигини оширишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ўсиш моделига ўтиши учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, қатор божхона ва ҳуқуқий тартиботларни оптималлаштириш, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши тизимли кураш олиб бориш, хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш муҳим эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида пандемия вақтида давлатларнинг Халқаро ихтиёрий мажбуриятлари кодексини қабул қилиш ташаббуси хорижий томоннинг эътиборига ҳавола этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ахборот ва тажриба алмашиш учун Марказий Осиё ва ЕИ соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда етакчи тиббиёт муассасаларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбир давомида Европа Иттифоқи раҳбарияти вакиллари Ўзбекистоннинг 2021 йил апрель ойида ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш бўйича “ЕИ - Марказий Осиё” Вазирлар конференциясини ўтказиш ташаббусини қўллаб - қувватлашини билдирди.

Ўз навбатида, Европа томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, “GSP+" Преференциялар бош тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиш, шунингдек, Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳасини келишишда эришган ютуқларини олқишлади.

Форум доирасида бир қатор панель сессиялари ҳам ўтказилди ва унда иштирокчилар минтақавий иқтисодий ҳамкорлик, рақамлаштириш ва барқарор ишбилармонлик муҳитини шакллантириш соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар Форум ЕИнинг Марказий Осиё бўйича Стратегиясини амалга оширишга улкан ҳисса қўшишига ва ўзаро фикр алмашиш ва кўп қиррали кўп томонлама ҳамкорлик бўйича таклифларни биргаликда ишлаб чиқишда самарали платформага айланишига ишонч билдирди. Шунингдек, тадбирда келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқланди ва “ЕС - Марказий Осиё” биринчи Иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалий қадамлар белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться