Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди
2020-12-03 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида жойларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, "Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимини жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Онлайн тарзда ўтказилган йиғилишда юртимиздаги 28 та шаҳар ва туманда тажриба сифатида олиб борилган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганишга доир "Аёллар дафтари” тизимини эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қолган 177 та шаҳар ва туманларда ҳам кенг жорий этиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган кейинги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ўз сўзи давомида белгиланган ҳудудлардаги 30 ёшдан ошган аёллар билан мулоқот ўтказиш учун ҳар бир маҳаллада 8 нафардан аъзоси бўлган 4 тадан Ишчи гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, йиғилиш давомида ҳар бир туман ва шаҳар, секторларда кунлик хатлов натижаларини таҳлил қилиш, умумлаштириш учун штаблар фаолиятини янада жонлантириш, сектор раҳбарлари билан бирга шаҳар ва туманларда ташкил этилган штаб аъзоларининг фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, маҳаллаларда Ишчи гуруҳлар ишини мувофиқлаштириш, анкета сўровномаларини тўғри тўлдирилганлигини назорат қилиш, зарур ҳолларда Ишчи гуруҳ аъзоларига тушунтиришлар бериш, маълумотларни электрон базага киритиб бориш бўйича муҳим вазифалар айтиб ўтилди.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар мамлакатимиз бўйича 53,6 фоиз аёллар билан суҳбат олиб борилди. Жумладан, Фарғона вилоятида 93,3 фоиз, Навоий вилоятида 91 фоиз, Андижон вилоятида 90,8 фоиз хатлов жараёнлари тугатилган.
Йиғилиш давомида ҳудудларга бириктирилган масъул ходимларга мавзуга доир зарур вазифа ва тавсиялар бериб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги