Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон-Ҳиндистон: маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янги босқичи

2020-12-02 | Маданият

Ўзбек ва ҳинд халқларининг азалий дўстлик алоқалари сўнгги йилларда янгича суръат ва мазмун касб этиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча жабҳалари, жумладан, маданий-гуманитар соҳада изчил ривож топмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида ушбу йўналишдаги муносабатларнинг замонавий ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

- Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ҳиндистон билан ҳамкорлигимизнинг янги саҳифаси очилди. Ҳиндистон Ўзбекистон суверенитетини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлар қаторига киради.

Икки давлат серқирра муносабатлари, айниқса, сўнгги тўрт йилда янада жадал ривож топмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 ва 2019 йилларда Ҳиндистонга амалга оширган ташрифлари натижалари, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий ва конструктив мулоқот алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз 2018 йил кузида Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида халқларимизни тарихий ришталар, ўхшаш анъаналар, маънавий ва маданий яқинлик боғлаб туришини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ҳиндистон жадал ривожланаётгани, замонавий қиёфа касб этаётгани, унинг қудратли ва иқтисодиёти ривожланган мамлакат сифатида жаҳондаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини қайд этди.

“Биз олий даражадаги учрашувларимиз натижасида фаоллашиб бораётган Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатларининг бугунги суръатини юқори баҳолаймиз”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари 2019 йил январь ойида Ҳиндистонда “Жўшқин Гужарат” халқаро саммитидаги нутқида ушбу давлат билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, қатор ташаббусларни илгари сурди, жумладан, маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

- Фурқат Аҳмедович, таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик маданий-гуманитар муносабатларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Яхши биламизки, Ҳиндистон бу борада улкан салоҳиятга эга...

- Тўғри айтасиз, Ҳиндистон илм-фан, таълим, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика каби йўналишларда дунёда етакчи мавқега эга мамлакатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллаган.

Ҳиндистон билан олий таълим йўналишидаги ҳамкорлик 2005 йил 5 апрель куни қабул қилинган Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича алмашинув дастури асосида амалга оширилмоқда.

Бугун икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 40 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжати имзоланган. Республиканинг 22 та олий ўқув юрти 50 га яқин ҳинд университети билан таълимнинг турли йўналишларида меморандум ва битимлар имзолаган. Ҳамкор олий ўқув юртлари орасида Жавоҳарлаъл Неру университети, Деҳли университети, Мавлоно Озод урду миллий университети, Манипал, Гужарат, Чандигарҳ университетлари, Мирзо Ғолиб институти, Ҳиндистон технология ва молия институтлари, бошқа таълим муассасалари бор.

Ўзбекистон азалдан ҳиндшунослик бўйича етук мутахассислар тарбиялайдиган мамлакат ҳисобланади. Юртимизда ҳинд тилини тизимли тарзда, жумладан олий билим юртларида ўқитиш қарийб ярим аср аввал йўлга қўйилган. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Индира Ганди номидаги Ҳиндистон тадқиқотлар маркази фаолият юритмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Андижон шаҳрида мазкур олий ўқув юрти ўз фаолиятини бошлади. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида Ҳиндистон меҳмонхона менежменти халқаро институти билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури жорий этилди.

Яқинда Термиз давлат университетида “Ҳинд ўқув хонаси” фаолияти йўлга қўйилди. Унинг очилиш маросимида Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчиси Маниш Прабҳат иштирок этди.

Ўз навбатида, Деҳлидаги Жамия Миллия Исломия университетида ўзбек тили курслари ташкил этилган. Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш бўйича меморандум имзолади. Бу билан институт Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларда ўз филиалини очган биринчи олий таълим муассасаси мавқеига эга бўлди.

Эътиборлиси, ёшларнинг икки мамлакат олий таълим масканларида ўқишга бўлган қизиқиши деярли бир хил даражада эканини кузатиш мумкин. Масалан, 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистонда ҳиндистонлик 70 дан ортиқ йигит-қиз, Ҳиндистонда эса ўзбекистонлик 50 дан зиёд талаба таҳсил олган.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки томонда ҳам қатор амалий таклифлар бор. Жумладан, қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқиш, техника ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг ахборот технологиялари, менежмент ва фармакология йўналишларини янада кенгайтириш, Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (ICCR) ва Ҳиндистон техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC) томонидан Ўзбекистон вакилларига ҳинд университетларида ўқиш, илмий муассасаларида малака ошириш ва тадқиқотлар олиб бориш учун ажратиладиган стипендиялар (грантлар) сонини ошириш масалалари кун тартибидан ўрин олган.

- Шу ўринда ахборот технологиялари ва инновациялар мавзусига алоҳида тўхталишингизни истардик.

- Ҳиндистоннинг бу соҳалардаги салоҳиятига таъриф беришга, менимча, зарурат йўқ, чунки буни ҳаммамиз яхши биламиз. Мен ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини таъкидламоқчиман.

Хабарингиз бор, Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ)да ташкил этилган Ҳинд-ўзбек ахборот технологиялари маркази бу борадаги дастлабки лойиҳалардан бири эди. Марказ фаолияти йилларида бу ерда 30 мингдан ортиқ мутахассис дастурлаш тилларини ўзлаштирди, замонавий АКТдан фойдаланиш сабоқларини олди. Ҳозир Ҳиндистон илғор компьютер технологияларини ривожлантириш маркази (CDAC) билан ҳамкорликда ТАТУдаги мазкур ўқув масканини янада такомиллаштириш масаласи ўрганилмоқда.

Ҳиндистон электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти билан ҳамкорликда Тошкентда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) ташкил этилгани катта воқеа бўлди.

IT-паркда мазкур йўналишни ривожлантириш ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳинд тажрибаси ўрганилмоқда ва жорий қилинмоқда. IT-парк фаолият бошлаганига бир йилдан ошган бўлишига қарамасдан, бу ердаги резидентларининг сони 400 га яқинлашиб қолди, вилоятларда унинг филиаллари ташкил қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 январдаги «Тошкент шаҳрида Амити университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида Амити университети пойтахтимизда ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан дастурий таъминот мутахассислиги ва сунъий интеллект, ахборот технологиялари маркетинги йўналишларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни бошлади. Бу ерда 20 га яқин юқори малакали ҳиндистонлик мутахассис дарс бераётгани ҳам таълим сифати даражасидан далолат бериб турибди.  

Инновациялар соҳасидаги лойиҳалар ҳам ҳаётга жадал тадбиқ қилинмоқда. Масалан, Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносида Ҳиндистоннинг “Routern.com” компанияси билан ҳамкорликда “Ақлли бино” механизми жорий қилинди, вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида сунъий интеллектга асосланган инновацион технологиялар бўйича тренинглар ўтказилмоқда.

 2020-2022 йилларга мўлжалланган фан, технологиялар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик дастури доирасида ҳинд мутахассислари билан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, АКТ, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт технологиялари, материалшунослик, табиий фанлар, биотехнология ва бошқа кўплаб йўналишларда илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, ҳамкорлик кўлами мамлакатимиз минтақаларини ҳам қамраб олаяпти. Масалан, Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Mirzaev Shavkat” фермер хўжалиги ва Ҳиндистоннинг “Nath Bio-Genes” компанияси вакиллари биргаликда пахта, маккажўхори ва сабзавотларнинг элита уруғлари етиштиришга келишиб олган. “Paragon Irrigation Pvt. Ltd” компанияси “Ургут” эркин иқтисодий зонасида томчилатиб суғориш ускуна ва жиҳозларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

- Фурқат Аҳмедович, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

- Халқларимиз ўртасидаги азалий маданий-маърифий алоқалар изчил ривож топмоқда. Бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири ҳисобланади.

2018 йил баҳори ва кузида Деҳли, Калькутта ва Мумбай шаҳарларида Ўзбекистон маданият кунлари ва Ўзбек киноси фестивали ўтказилиб, маҳаллий халқ томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Халқларимиз санъат намоёндалари Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказиладиган фестиваль, конференция ва бошқа анжуманларда мунтазам фаол иштирок этади. Самарқанд шаҳрида 2019 йилги «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида “Ҳиндистон-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Анил Шастри, “Debapriya & Samanwaya” мусиқий жамоаси, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалида “Jodhpur Riff” фестивали директори Дива Бхати, 2020 йил “XXI аср халқ рақси” – “Бухоро жилолари” халқаро илмий конференциясида мусиқашунос олим Пател Парул Прабудда қатнашди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Маданият саройи ижодий гуруҳи Деҳли халқаро фестивалида бизнинг миллий санъатимизни намойиш этди, мамлакатимизнинг нуфузли делегацияси Харьяна штатида “Surajkund Crafts Mela” санъат, маданият ва ҳунармандлик фестивалининг меҳмони бўлди.

Кино санъати халқларимизнинг ўзаро маданий алоқаларида алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишда ҳам сўнгги пайтларда эришилаётган амалий натижалар кўлами кенгаймоқда, икки давлат вакиллари ҳамкорликда бадиий фильм ва сериаллар тасвирга олиш бўйича лойиҳалар тайёрламоқда. “Ўзбеккино” миллий агентлиги Ҳиндистоннинг “Wingspan group” компанияси томонидан «Бобур» сериалини Ўзбекистонда тасвирга олиш бўйича меморандум имзолади. Мазкур ҳужжатга биноан ҳинд киноижодкорлари Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва  Хоразм вилоятларида суратга олиш ишларини амалга оширади.

Ўзбекистонлик ёш киноижодкорларнинг ITEC дастури доирасида Ҳиндистонда малака ошириш юзасидан келишувга эришилган.

1995 йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият юритиб келаётган Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият марказининг икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда алоҳида ўрни бор, албатта.

Марказ ҳар йили ўзбекистонлик талабаларга Ҳиндистоннинг етакчи таълим муассасаларида техник ва гуманитар мутахассисликлар бўйича ўқиш учун стипендиялар тақдим этади. Бу ерда тил курслари ташкил этилган, рақс, мусиқа, йога, ҳинд мусиқа асбобларида ижро этиш сабоқлари берилмоқда. Дарслар ҳинд ва ўзбек ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.

Жорий йил 26 октябрь куни пойтахтимизда мазкур маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг Ҳиндистон мавзусида чизилган расмлари кўргазмаси ўтказилди.

- Албатта, туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўзламасак, маданий-гуманитар алоқалар ҳақидаги таассурот тўла бўлмайди.

- Фикрингизга қўшиламан, чунки сўнгги йилларда мазкур йўналишда ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

2019 йил мамлакатимизга Ҳиндистондан 2015 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп сайёҳ ташриф буюргани ҳам фикримизга далил бўла олади.

Ҳинд компаниялари «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг фаол иштирокчилари ҳисобланади. 2018 йил Ҳиндистон ушбу анжуман доирасида “Incredible India” миллий стендини намойиш этди, икки мамлакат вакиллари ўртасида самарали музокаралар ташкил этилди.

2019 йил Тошкентда ўтказилган туризм соҳасидаги Биринчи инвестиция форумида ҳинд оммавий ахборот воситалари вакилларининг катта гуруҳи қатнашиб, Ўзбекистон сайёҳлик ва инвестициявий салоҳияти ҳақида туркум репортажлар ва видеофильмлар тайёрлади. Бухоро шаҳрида ташкил қилинадиган зиёрат туризми мавзусидаги халқаро форум ҳам мамлакатларимиз тадбиркорлари учун самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли битимларга эришиш учун қулай майдончага айланган.

Таниқли ҳинд модельер-дизайнери, шахсий бренд асосчиси Риту Бери ўтган йили мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги туризм ва маданият элчиси этиб тайинланди. Юртдошларимиз ушбу аёл ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлиши учун шуни айтишни истардимки, Ҳиндистонда уни “Мода маликаси” ва “Ҳинд модасининг биринчи аёли”, деб аташади.

Риту Бери ўзбек маданияти ва тарихининг мухлиси. Дизайнер ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. У мамлакатимизнинг маданий жиҳатдан Ҳиндистонга яқинлиги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳинд оилалари учун оммабоп сайёҳлик йўналишларидан бирига айланишига ишонч билдирди.

Ҳиндистон аҳолиси ўртасида Ўзбекистон туризм салоҳиятини намойиш этиш ва уларни мамлакатимизга жалб этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу мамлакатдаги элчихонамиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Ҳиндистонда ташкил этилаётган кўргазма ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Уларда юртимиз имкониятлари, тарихий шаҳарларимиз ва зиёратгоҳларимиз хусусида ранг-баранг тақдимотлар ўтказилмоқда.

Жумладан, юқорида айтиб ўтилган «Жўшқин Гужарат» форуми доирасида мамлакатимиз имкониятлари хусусида ахборот берадиган йирик павильон ташкил этилди. Унда ўзбек санъати, маданияти, миллий ошхонамиз ва тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар намойиш этилди. Ўтган йил Ҳиндистонда ташкил этилган 10 дан зиёд туристик ярмаркада мамлакатимиз вакиллари фаол қатнашди.

Умуман олганда, очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларга ҳурмат асосида бунёд этилган Ўзбекистон - Ҳиндистон муносабатлари бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверишига ишонамиз.

- Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат!

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться