Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
КЕКСАЛАР УЧУН ТУРИЗМ ОЙЛИГИ: ёшлар ва нуронийларнинг саёҳати уюштирилди
2020-11-30 | Жамият
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майда қабул қилинган “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 340-сонли қарори билан ноябрь ойи “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилинган.
Шу муносабат билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Республика “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб саломатлик учун пиёда юриш ҳамда кексалар туризми билан боғлиқ бир қатор тадбирлар уюштириб келмоқда.
Жумладан, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бошқармаси томонидан ушбу ойлик доирасида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига кекса нуронийлар ва ёшларнинг саёҳатлари ташкил этилди.
Саёҳат давомида пойтахтимизнинг Сергели, Олмазор, Юнусобод туманларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ёшлар ва меҳнат фахрийлари ўртасида “Уч авлод учрашуви” доирасида давра суҳбатлари ташкил этилиб, қатағонга учраган ота-боболаримизнинг озодлик йўлида кўрсатган жасоратлари борасида ўзаро фикр алмашилди.
— Бу каби маънавий тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, кўпни кўрган ва табаррук ёшдаги отахону онахонларимизни ижтимоий ҳимоялаш, уларга ғамхўрлик қилиш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан иборат, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бошқармаси бош мутахассиси Хикматилла Лутфуллаев.
Айни кунларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган, шунингдек мамлакатимиз бўйлаб саёҳат тадбирлари ҳар бир туман ва шаҳарларда ташкил этилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги