Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди
2020-11-29 | Жамият
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Маҳаллаларда учраётган ижтимоий муаммолар, соҳа ривожининг ҳуқуқий асослари ҳамда бу борадаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида бугун маҳалла тизимида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида вазирлик мутасаддилари томонидан ОАВ ходимлари ва блогерларга зарур маълумотлар бериб ўтилди.
Матбуот анжуманида дастлаб сўз олган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, халқимиз, айниқса, хотин-қизлар турмуш даражасини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 11 минг нафар хотин-қизга банклар томонидан 1 трлн. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. Шу билан бирга жорий йилнинг ўзида 1127 нафар хотин-қизга уй-жой сотиб олиш учун Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 19 млрд. 426 млн. сўм миқдоридаги бошланғич бадаллар тўлаб берилди.
Қолаверса, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 90 200 нафар фуқарога кредит олишга, 41 230 нафарига субсидиялар ажратишга кўмаклашилди, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун 10 741 нафар фуқарога кредит олишга, 34 268 нафарига субсидиялар ажратишга кўмаклашилди.
Матбуот анжуманида маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш, шунингдек, жорий йилнинг май ойида Сардоба сув омборида кузатилган техноген фалокат туфайли юзага келган талофатларни бартараф этиш, офатдан зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш, янги уйларни тақсимлаш ва аҳолининг ушбу уйларга кўчиб ўтишини ташкил этиш борасида маҳалла тизими ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Тадбирда таъкидланганидек, Вазирликнинг “1146” қисқа рақамли Ишонч телефони ташкил этилгани мамлакатимиз фуқароларининг соҳага оид барча мурожаатлари, савол ва таклифларини 24 соат давомида узлуксиз онлайн шаклда қабул қилиш, бу орқали аҳоли билан мулоқот жараёнларини янада соддалаштириш, айниқса, хотин-қизлар ҳаётига оид турли ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, бир сўз билан айтганда, фуқаро мурожаатларини ҳал этишда учраётган мавжуд муаммоларга самарали ечим бўлмоқда.
Матбуот анжумани давомида Вазирликнинг Юридик бўлим бошлиғи Шоира Умарова сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда вазирликни ташкил этилиши юзасидан бўлаётган турли фикр ва муносабатларга тўхталиб, маҳалла институтининг жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз тараққиётидаги тутган ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни халқчил ва одамларнинг яқин маслакдоши, дарди ва муаммоларига шерик бўладиган ноёб тузилмага айлантиришда янги вазирлик маҳаллага ҳар томонлама кўмак ва суянч бўлаётганлигини таъкидлади.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолидан келиб тушган мавзуга оид саволларга вазирлик мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги