Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий ҳимоя бўйича халқаро ҳамкорлик натижалари
2020-11-27 | Жамият
Тошкентда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича Ҳукумат билан биргаликда амалга оширган қўшма дастурнинг эришган натижалари, ютуқлари ва келгусидаги режалари ҳақида онлайн мулоқот ташкил этилди.
Молия вазирининг ўринбосари ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори раислик қилган йиллик ҳисобот ва донорлар мажлисида тегишли вазирликлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистонда иш берувчилар конфедерацияси, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси, шунингдек халқаро донор ташкилотлари ва БМТ агентликларидан 40 дан зиёд вакил иштирок этди.
- Ўзбекистон халқи дунёдаги миллиардлаб инсонлар сингари пандемия даврида бир қатор муаммоларга дуч келди, - деди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Жамшид Абруев. - Ҳукумат инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича муҳим ҳаракатларни амалга оширди. Халқаро ҳамжамият билан биргаликда биз пандемия ва бошқа офатларга бардош берадиган ва ҳар қандай шароитда одамларни қўллаб-қувватлайдиган ижтимоий ҳимоя тизимини яратишга интиляпмиз.
2020 йил январь ойида ЮНИСEФ, ХМТ ва БМТТД Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда “Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қўшма дастурни амалга оширишни бошлади.
Мазкур дастур 2020 йилги Давлат дастурида кўзда тутилганидек, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қаратилган.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзернинг фикрича, БМТнинг ижтимоий ҳимоя бўйича қўшма дастури – бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизимидаги тарқоқликни камайтириш учун ажойиб имконият. Ижтимоий ҳимоя учун сарфланадиган маблағлар миллий барқарор ривожланишнинг устувор йўналишларига, шу жумладан камбағаллик ва тенгсизликни камайтириш, соғлом турмуш ва фаровонликни таъминлаш, гендер тенглиги, шунингдек, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш соҳаларига киритилаётган сармоя сифатида қаралиши лозим.
Ижтимоий ҳимояга қаратилган сармоялар ҳеч кимни беэътибор қолдирмасликни таъминлашга ёрдам беради. Ногиронлиги бўлган инсонлар гуруҳига эътибор қаратади. 2020 йилда БМТнинг қўшма дастури доирасида асосий миллий шериклар билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди. Тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қўшма дастур томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегиясининг концепциялари ва институционал ислоҳотлар вариантлари ишлаб чиқилди.
Ногиронликни баҳолашда функционалликнинг халқаро таснифини жорий этиш бўйича салоҳиятни ошириш ўқув машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган инсонлардан таркиб топган фуқаролик жамияти ташкилотлари учун маҳаллий фойдаланувчилар томонидан бошқариладиган ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун микро грантлар тақдим этиш бошланди.
ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзаде келажакда демографик дивиденддан фойдаланиш учун Ўзбекистон бугун ўз фарзандлари ва ёшларига тегишли сармояларни киритишни бошлаши зарурлигини қайд этди.
“БРМ Жамғармаси Ўзбекистонда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинганлигини мамнуният билан эътироф этади. Биз ҳукуматга ногиронлик масаласини ўз ичига олган ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегияни қабул қилишда ёрдам берамиз. Ишонамизки, ҳеч қандай жамият барча инсонларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган инсонларнинг тўлиқ ва инклюзив интеграцияси ва иштирокисиз барқарор ривожланиш мақсадларига эриша олмайди.” – дея таъкидлади БРМ қўшма жамғармаси котибияти раҳбари.
Қўшма дастур тақдимотидан сўнг иштирокчилар соҳадаги бошқа қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан фикр алмашди.
Муаттар Бурҳонова
Манба: ЎзА