Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2020-11-27 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийярто ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Томонлар икки мамлакатдаги жорий эпидемиологик вазият ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида фикр алмашдилар, шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия шериклигининг кун тартибидаги долзарб масалалари ва уни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар яратишга йўналтирилган инвестициявий ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари муҳокама қилинди ва саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш учун устувор вазифалар қайд этилди.
Ҳозирги вақтда Венгрия шериклари билан қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, тўқимачилик, фармацевтика ва озиқ-овқатни ишлаб чиқариш соҳаларида саноат кооперациясининг 37та инвестициявий лойиҳалари амалга оширилиши бошлаб юборилган.
Шу нуқтаи назардан томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун платформа сифатида Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битимни тезкор равишда имзолаш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Жорий йилнинг 10 ойи якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини берган ўзаро савдодаги ижобий тенденциялар қайд этилди. Шу нуқтаи назардан икки томонлама савдони янада кенгайтириш, унинг диверсификацияси ва мувозанатини таъминлаш, жумладан, ўзаро савдо миссияларини ташкил этиш, савдо уйларини очиш ва ҳар икки мамлакатда ўзбек ва венгер ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазмаларини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, томонлар кейинги йиғилиши 2021 йил январь ойида Будапешт шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг фаолиятини ривожлантиришга қаратилган кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.
Алоҳида тартибда илм-фан ва таълим соҳасидаги ўзаро алоқалар масалаларига тўхталиб ўтилди - Венгриянинг Дебрецен университети филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича ишлаб чиқилаётган битимнинг амалий аҳамияти қайд этилди. Келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Венгриянинг Дебрецен университети раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокаралар якунида юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал қилишга ва қўшма ташаббусларни амалга оширишда ўзаро ёрдам беришга имкон берадиган ўзаро манфаатли соҳалар доирасидаги мунтазам мулоқотни ривожлантириш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги