Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов: Марафонда нафақат Тошкентда балки дунёнинг исталган нуқтасида туриб ҳам қатнашиш мумкин
2020-11-27 | Спорт
Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида II Тошкент Халқаро марафонини ўтказиш ташкилий қўмитасининг Матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризимни ривожлантириш Давлат қўмитаси Раиси, Марафон ташкилий қўмита Раиси Азиз Абдуҳакимов иштирок этди ва марафонни ўтказиш билан боғлиқ қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берди:
¬Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш мақсадида шу йилнинг 6 декабрь куни II Тошкент халқаро марафони ўтказилади.
Марафонни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, югуришни янада оммалаштириш, халқаро спорт алоқалари ва спорт туризмни ривожлантириш, юртимизнинг энг кучли марафончиларини аниқлаш, Тошкент шаҳрининг замонавий шаҳар сифатида оммавий спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш имкониятларини юксалтириш, яқин ва узоқ хориж давлатларидан спортчи ва сайёҳларни жалб қилишдан иборат.
Маълумки, 2019 йилда пойтахтимизда илк маротаба Биринчи Тошкент халқаро ярим марафони юқори савияда ташкил этилди. Шу давр мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўплаб оммавий югуриш мусобақалари ҳамда марафонларни ташкил этди ва бу борада етарлича тажриба тўпланди. Яқиндагина Самарқанд шаҳрида ўтказилган Samarkand Half Marathon яриммарафони ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотиб, соғлом турмуш тарзи тарафдорларини ўз атрофига тўплади.
Аслида, мазкур марафонимиз жорий йилнинг март ойида, Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилиши режалаштирилган эди.
Бироқ, Коронавирус пандемияси сабаб барча оммавий тадбирлар вақтинча чекланганлиги боис Марафон тадбирлари ҳам қолдирилган эди.
Юртимизда Карантин чекловлари юмшатилиши билан II Тошкент халқаро марафонини юқори даражада ўтказиш ишлари бошлаб юбордик.
Карантин талабларини инобатга олган ҳолда бу галги марафонимизда нафақат Тошкент шаҳрига келиб иштирок этиш мумкин балки www.uzmarathon.uz сайтидан рўйхатдан ўтиб, дунёнинг исталган нуқтасида туриб ҳам иштирок этиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги