Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро стандартлар: хорижий ва миллий тажриба
2020-11-27 | Жамият
Семинар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ва Демократия жамғармаси ҳамда Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) халқаро нодавлат ташкилотининг кўмагида ташкил этилди. Унда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палаталари қўмиталари вакиллари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий вакили, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг (PRI) халқаро нодавлат ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакили, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш бош бошқармаси масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўқув семинар давомида, “Жазони ижро этиш муассасаларининг фаолияти: халқаро стандартлар ва илғор амалиёт асосида ижобий тенденциялар, муаммолар ва истиқболлар” ҳақида маълумотлар ўртага ташланди. Жумладан, жазони ижро этиш муассасаларидаги тартиб ва интизом, реабилитация ва маҳкумларнинг жамиятга қайта мослашуви, жазони ижро этиш муассасаларидаги менежмент ва сервис дастурларини ташкил этиш юзасидан тренинг ўтказилиб, жазони ижро этиш муассасаларидаги ижобий тенденциялардан мисоллар келтирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан иштирокчиларга қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган аниқ мақсадли ишлар, унинг ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида амалга оширилаётган ишлар ва жазони ижро этиш муассасаларига доимий равишда мониторинг ташрифлари тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, Мониторинг гуруҳларида фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари иштирок этмоқда.
Қонунда белгиланган ваколатларга мувофиқ, Вакил ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи эксперт гуруҳи томонидан жорий йилнинг ноябрь ойига қадар тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда Миллий превентив механизм доирасида жами 68 та мониторинг ўтказилди.
Хусусан, мониторинг 40 таси жазони ижро этиш муассасалари (17 таси манзил-колония ва 23 таси ЖИЭК), 6 таси тергов ҳибсхонаси, 5 таси ички ишлар органларининг Маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналари, 9 таси Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 2 таси ички ишлар бўлимлари, 2 таси муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш марказлари ва 4 таси карантин муассасаларида амалга оширилди.
Мониторинг ташрифлари давомида тергов ҳибсхонаси ва озодликдан маҳрум этиш жойлардаги 3700 дан (жорий йилнинг 6 ойида 1700 дан) ортиқ шахслар билан жамоавий учрашувлар ва 534 та шахс билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилган.
Шунингдек, иштирокчиларга ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилганлиги бўйича келиб тушган мурожаатлар ҳамда қийноқнинг олдини олиш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ахборот берилди.
Тадбирда шу ва бошқа шу каби масалаларнинг мазмун моҳияти, ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига ҳам мутаҳассислар батафсил жавоб бердилар.
ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги