Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон COVID-19 оқибатларини бартараф этиш ва ковиддан кейинги даврда билимлар билан алмашиш бўйича Конференцияда иштирок этди
2020-11-25 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни видеоконференцалоқа шаклида Корея Республикаси “Knowledge Sharing Program” (KSP) билимлар билан алмашиш дастури доирасида COVID-19 оқибатларини бартараф этиш ва ковиддан кейинги даврда билимлар билан алмашиш бўйича Конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Корея тараққиёт институти, Корея Эксимбанки, Корея савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги томонидан ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Корея Республикаси Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ким Ёнгбом, Корея тараққиёт Институти президенти Чой Джонг Пё ҳамда Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, Массачусетс технология институти профессори Эстер Дюфло сўзга чиқди.
Тадбир давомида COVID-19 пандемиясига қарши курашиш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, ковиддан кейинги даврда кўп қиррали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Анжуман давомида ялпи мажлис ташкил этилиб, унда Кореянинг тегишли идора, ташкилот ва институтлар вакиллари ковиддан кейинги даврда халқаро ташкилотларнинг кўп томонлама ҳамкорлиги бўйича янги стратегияни тақдим этдилар ва самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда KSP дастурининг ролини ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Тадбир давомида шунингдек, нафақат Кореяда, балки Вьетнам ва Индонезия каби қўшни мамлакатларда ҳам яхши натижаларни кўрсатган институционал ва бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган пандемиянинг оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Пандемиянинг тарқалишига қарши кураш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ва иқтисодий фаолиятни тиклаш доирасида масалалар ва муаммоларни ҳал этиш учун халқаро даражада ўзаро мувофиқлаштирилган яқин ҳамкорлик қилиш зарурлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан конференция иштирокчилари соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни амалга оширишга қизиқиш ҳамда инқироздан кейинги даврда халқаро ташкилотларнинг кўп томонлама ҳамкорлиги бўйича комплекс стратегияни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Маълумот учун: “Knowledge Sharing Program”нинг мақсади Кореядаги етакчи давлат ташкилотлари томонидан иқтисодиёт ва саноатнинг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича беғараз асосда маслаҳатлар беришдан иборат.
Ўзбекистон ушбу дастур доирасида Корея билан 2004 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаяпти. Ҳамкорлик бошлангандан бери барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, савдо-сотиқни фаоллаштириш, энергетика соҳасини ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини мустаҳкамлаш борасида 19 лойиҳа амалга оширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги