Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бизнес-нетворкинг - Ўзбекистон-Италия савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш воситаси сифатида
2020-11-25 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 11 декабрь куни видеоконференция шаклида “Италия – Ўзбекистон” бизнес-форуми бўлиб ўтади.
Форум Италиянинг “European House – Ambrosetti” консалтинг гуруҳи томонидан Италия Республикаси Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари кўмагида, Италия Савдо агентлиги (ICE), “Италия-Ўзбекистон” Савдо палатаси ва Италия саноат Конфедерациясининг (Confindustria) Ўзбекистондаги бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Италия Республикасининг ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луиджи ди Майо ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир дастурига икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ялпи йиғилиши, тематик вебинарлар ва тармоқ сессиялари киради.
Форум ташкилотчилари томонидан ушбу тадбирга бағишланган махсус www.iubf20.ambrosetti.eu веб-сайти яратилиб, унда тадбир тўғрисида батафсил маълумотлар, Ўзбекистон ва Италиянинг иқтисодий салоҳиятлари тўғрисида тақдимотлар, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни шарҳловчи материаллар ҳамда тадбир иштирокчилари учун керакли маълумотлар - дастур, тарқатма материаллар ва онлайн рўйхатдан ўтиш учун cўровнома жойлаштирилган.
Шунингдек, иштирокчилар учун шахсий профиль яратиш, янгиланган маълумотларни кузатиб бориш, форум йиғилишларида қатнашиш учун мурожаат қилиш, материаллар ва ҳужжатлар билан алмашиш ва бошқа делегатлар билан ўзаро алоқада бўлиш имкониятини берадиган инновацион электрон-рақамли платформа ишлаб чиқилган. Платформа 27 ноябрда ишга туширилади ва унда 8 декабрь кунига қадар рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади. Форумда иштирок этиш бепул.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон корхоналари, компаниялари, банклари ва молия ташкилотларини “Италия – Ўзбекистон” бизнес-форумида иштирок этишга таклиф қилади.
Қўшимча маълумотларни қуйидаги телефон рақамига қўнғироқ қилиб олишингиз мумкин: +998974244927.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги