Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Uzbekistan Travel" сайёҳлик журналининг илк сони тақдимоти бўлиб ўтди
2020-11-24 | Туризм
Пойтахтдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида сайёҳлик йўналишидаги “Uzbekistan Travel” журналининг биринчи сони тақдимоти бўлиб ўтди. Тантанали тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
"Uzbekistan Travel" кўп йиллар давомида мамлакатимиз ҳақида ижобий имиж шакллантириб келаётган таниқли сайёҳлик брендидир. Ушбу бренд илк бора 2013 йилда ишлаб чиқилган. Шу вақт давомида мазкур бренд остида бир-биридан ажойиб лойиҳалар амалга оширилди, расмий саёҳат портали, ижтимоий хизматлар яратилди, кўплаб фестиваллар ва бизнес тадбирлар ўтказилди. Кўп йиллар давомида “Uzbekistan Travel” бренди остида мамлакатимизнинг йирик халқаро кўргазмалари, шунингдек хорижий мамлакатлардаги бошқа тадбирларда ягона стенд билан иштирок этиб келмоқда.
Бугун сизнинг диққатингизга бутунлай янги лойиҳа - “Uzbekistan Travel” журналини ҳавола қиламиз. Халқаро миқёсдаги "Uzbekistan Travel" сайёҳлик нашри – бу мамлакатимизнинг ноёб сайёҳлик имкониятларига янгича қараш демак”, - деди Бош вазир ўринбосари. Халқаро миқёсдаги "Uzbekistan Travel" сайёҳлик нашри мамлакатимизнинг ноёб сайёҳлик имкониятлари, янги йўллар ва йўналишлар, замонавий ва этник жойлаштириш воситалари, Ўзбекистондаги тўлақонли ва хавфсиз дам олишнинг турли хил вариантларига бутунлай янгича қарашдир. Ноёб нашр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” томонидан ишлаб чиқилди. “Uzbekistan Travel” журналининг биринчи нашри ҳомийси ва шериги сифатида “Meros” ижтимоий хайрия жамғармаси иштирок этди.
Тадбирда шунингдек “Миллий PR-маркази” директори Дилфуза Самандарова ҳамда “Meros” хайрия жамғармаси Васийлик кенгаши раҳбари Ойбек Норинбоев ҳам билан чиқиш қилиб, журнални тайёрлаш жараёнлари ва унинг истиқболи хусусида сўз юритишди. Таъкидлаш жоизки, бугунги дунёдаги эпидемиологик вазият ва пандемиянинг жаҳон сайёҳлик саноатига салбий таъсири туфайли хавфсиз туризмни ривожлантириш масаласи жуда долзарб. “Uzbekistan Travel” журналининг илк сони ҳам айнан шу мавзуга бағишланди. Пандемия шароитида мамлакатимизда хавфсиз туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" лойиҳаси ишга туширилди.
Лойиҳа сайёҳларнинг санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича жаҳон стандартлари асосидаги чора-тадбирлар комплексини ўз ичига олган. Тақдимот доирасида Ўзбекистондаги хавфсиз туризм лойиҳасининг концепцияси намойиш этилди, журнал саҳифаларида эса унинг батафсил баёни мавжуд. Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш ва дунё ҳамжамиятини мамлакатимизнинг хавфсиз туризм борасидаги имкониятлари билан таништириш мақсадида тадбирда мазкур лойиҳанинг имкониятларини очиб берувчи махсус ролик ҳам намойиш этилди. Қўшимча реаллик технологиялари "Uzbekistan Travel" журналининг яна бир ютуғига айланди.
Ўқувчилар журнал саҳифаларидаги махсус QR-код орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик гўзаллиги ҳақидаги ноёб видеоконтентларни кўриши, қадимий ўзбек таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлиши ва ноёб, диққатга сазовор сайёҳлик масканларига онлайн саёҳат қилиши мумкин. Ички туризмни ривожлантириш ва мамлакатимиз болалари ва ёшларида саёҳат маданиятини тарбиялаш мақсадида ушбу тадбирда диёримизнинг туристик масканлари қайд этилган Ўзбекистоннинг болалар сайёҳлик харитаси ва "Uzbekistan travel" туризм порталида ёш сайёҳлар учун ишлаб чиқилган янги бўлим ҳам намойиш этилди.
Тақдимот якунида меҳмонлар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларида ноёб виртуал сайр қилиш, ўзбек миллий ошхонасининг дурдоналаридан баҳраманд бўлиш ва чинакам ўзбекона меҳмондўстлик муҳитига шўнғиш имконига эга бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги