Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчихонаси Даниядаги ватандошлар ўртасида мини-футбол мусобақасини ташкил этди
2020-11-24 | Спорт
Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси Орухс (Дания) шаҳридаги «Ўзбек ташаббуслари» ассоциацияси билан ҳамкорликда ватандошлар ўртасида «Биз ҳамжиҳатликда халқимиз билан биргамиз» шиори остида мини-футбол мусобақасини ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» аА мухбири.
Тадбирда хусусий компаниялар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган ватандошлар, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ёшлар иштирок этди.
Мусобақа жараёнида «Ўзбек ташаббуслари» ассоциациясининг молиявий директори Дониёр Бавабеков диаспора ташкилотларининг чет элда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр билдирди. «Ассоциация юртдошларимиз орасида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва хайрихоҳликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Даниядаги ўзбек оилалари ўртасидаги дўстлик алоқалари ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳиссини мустаҳкамлаш, маҳаллий аҳоли билан муносабатларни ривожлантириш, Ўзбекистонда кейинги йилларда рўй бераётган воқеалар ҳақида маълумот тарқатиш билан машғулланиб келаяпмиз», - деди у.
Унинг сўзларига кўра, ассоциацияга аъзо бўлган ўзбеклар нафақат ўзбек оилалари фарзандларига, балки Даниядаги ўзбек тили ихлосмандлари учун ўзбек халқининг тарихи, маданияти, урф-одатларнии ўргатиш бўйича курслар ташкил қилган.
Ассоциация вакили, шунингдек, келажакдаги мақсадларидан бири - элчихона кўмаги билан Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, сармоялар жалб қилиш, ташкилот атрофида бирлашган ватандошлар ёрдамида туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш эканини таъкидлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги