Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар форматини Стратегик шериклик мулоқотига айлантиришга келишиб олди
2020-11-22 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация кеча Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, АҚШ делегациясига Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов жой олди.
Ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди. Кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Икки томон ҳам ҳамкорликнинг жорий суръатини сақлаб қолиш, қўшма кун тартибининг барча масалалари бўйича яқин ва мунтазам мулоқотда бўлиш, стратегик шерикликнинг шартнома-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди.
АҚШ томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, республика ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаларига юқори баҳо берди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим ютуқларини эътироф этди ва Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланганини мамнуният билан олқишлади қилди.
Сиёсий соҳадаги Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги тизимли ва барқарор тус олгани қайд этилди. Халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди.
COVID-19 инқирозининг жиддий иқтисодий таъсири қайд этилиб, Америка Қўшма Штатлари глобал пандемия оқибатларига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беришда қатъий экани тасдиқланди.
Америка томонига БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббусларнинг концептуал аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
«С5+1» шаклининг минтақавий ҳамкорликни илгари суриш ва биргаликдаги ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутиши эътироф этилди. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёнинг глобал транспорт ва транзит коридорларига чуқур интегратиялашувини таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергетика соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий чораларни кучайтириш масалалари алоҳида кўрсатилди.
«Ўзбекистон – АҚШ – Афғонистон» уч томонлама шакли доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва интеграция жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширувчи инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мазкур мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.
Музокаралар якунлари бўйича йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар шаклини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мулоқотнинг таъсис йиғилишини 2021 йил Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокараларнинг асосий натижалари маслаҳатлашувлар якунида қабул қилинган қўшма баёнотда ўз ифодасини топди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги