Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Samarkand Half Marathon” спорт туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшувчи халқаро спорт брендига айланди
2020-11-20 | Туризм
Самарқанд шаҳрида “Samarkand Half Marathon 2020” доирасида шаҳар ва клублар ўртасидаги ўтказилган мусобақаларнинг якунлари сарҳисоб қилинади.
Мусобақа учун умумий старт 1 ноябрь куни берилган бўлиб, 16 ноябрга қадар давом этди. 17 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани доирасида ташкилотчилар томонидан марафон натижалари сарҳисоб қилиниб, тадбирнинг миссияси ва мақсадлари, вазифаларнинг қандай амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумот берилди ҳамда ғолиблар эълон қилинди.
Ғолиблар яриммарафон ташкилий қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдирланди. “Виртуал югуришнинг умумий статистикасига кўра, марафонда иштирок этиш учун дунёнинг 35 мамлакатидан 3000 дан зиёд киши рўйхатдан ўтган. Бу рақамлар одамлар ўз атрофларидаги воқеаларга бефарқ эмаслигини намоён этади. Ўтган йилги яриммарафонда иштирокчилар сони 1200 кишини ташкил қилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткичлар икки карра ошди ва бундан-да кўпайишда давом этади. Хайрли ишга ҳисса қўшиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил қилгани учун биз рўйхатдан ўтиш ва марафонда иштирок этиш муддатини жорий йилнинг 1 декабрига қадар узайтиришга қарор қилдик. Рўйхатдан ўтувчилар сонининг ўсиши аутизмга чалинган кишиларга ёрдам учун келиб тушаётган маблағларнинг ошишини билдиради”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Марафон якунларига кўра, “Югуриш пойтахти” ва “Энг яхши клуб” тоифалари бўйича тақдирлаш ўтказилди. Ҳар бир тоифа уч ўринга эга. “Югуриш пойтахти” мукофотини катта фарқ билан Тошкент шаҳри қўлга киритди – 5581 км, иккинчи ўринни Душанбе – 370 км, учинчи ўринни эса Самарқанд – 266 км эгаллади. Югуриш натижаларига кўра, “Энг яхши клуб” номи 943 км натижани қайд этган “Tashkent Runners” клубига насиб этди. Иккинчи ўрин – 777 км натижа билан “Sporty Family”, учинчи ўрин эса 563 км натижа билан “Tourism Runners” томонидан банд этилди.
Виртуал югуриш мусобақасининг статистика кўрсаткичлари ўтган йилги натижадан икки марта ошди. Ўзбекистоннинг энг яхши 43 нафар спортчиси Самарқанд шаҳрида ғолиблик учун куч синашди. Профессионаллар ўртасида совриндорлар учун мукофот жамғармаси 82 миллион сўмни ташкил этди. Яриммарафонга тайёргарлик жараёнида фаол турмуш тарзига жалб қилиш ва аҳоли ўртасида югуриш маданиятини тарғиб қилишга қаратилган югуриш, йога ва умумий жисмоний тайёргарликка доир 20 дан ортиқ очиқ машғулот ўтказилди ва уларда 400 нафардан ортиқ киши иштирок этди.
Тадбир доирасида янги югуриш машқларининг Жиззах вилояти ва Бўстонлиқ туманида ўтказилиши маълум қилинди. Жорий йилда биринчи марта бутун дунёда тобора кенг қамров олаётган Шимолий юриш (Скандинавча юриш) ҳақида расман эълон қилинди. Болалар учун Kids Race қўшилди, унда 12 ёшгача бўлган болалар қатнашишди. “Samarkand Half Marathon” инклюзив муҳит, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, айниқса, янги сегмент – спорт туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган халқаро спорт брендига айланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги