Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди
2020-11-20 | Сиёсат
Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди.
Марказ ўз номи билан кўп тармоқли. Бу ерда жарроҳлик, реанимация, кўз микрохирургияси, умумий терапия, нефрология, пулмонология, гепатология, аллергология, кардиология, қон-томир жарроҳлиги, кардио-реанимация, стоматология, гастроэнтерология, эндокринология ва бошқа ихтисослаштирилган бўлимлар бўлади. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади.
- Бундай, ҳамма йўналишни қамраб олган клиникани бошқариш тажрибаси бизда йўқ. Шунинг учун бу ерни бошқаришни тажрибали хорижлик менежерларга бериш, уларни ҳозирдан жалб этиб, қурилиш ва жиҳозлаш бўйича таклифларини олиш зарур, - деди давлат раҳбари.
Марказда 600 та койка бўлади. Амбулатор ва стационар тартибда 200 дан ортиқ тиббий хизмат йўлга қўйилади. Йилига 3000 дан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш мумкин бўлади.
Президент Қорақалпоғистон ва вилоятларда қуриладиган клиникаларни ушбу марказ билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади.
- Беморлар учун энг азоблиси - йўл. Узоқ ҳудудлардаги касалларга масофадан ташхис қўйиш ва даволашни ташкил этиб, халқимизни шу қийинчиликдан халос қилиш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Марказ фаолиятини ташкил этишда халқаро алоқаларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, чет эллик шифокорлар ишга олиниши мўлжалланган.
Бу ерда 250 нафар шифокор, 500 нафар ўрта тиббиёт ходими ишлайди. Малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим–амалиёт–илм-фан интеграциясига кенг ўрин берилади.
Халқ тилида «эски ТошМИ» деб юритиладиган ҳудудда қурилаётган ушбу замонавий шифохонани келгуси йил декабрда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти