Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Реабилитация марказлари ходимлари Швеция тажрибасини ўрганишди
2020-11-19 | Жамият
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни зўравонлик қурбонлари билан ишлаш ва уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида “Реабилитация марказ (шелтер)ларини самарали бошқариш ва юритиш: Швеция тажрибаси” мавзусида онлайн ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” қўшма лойиҳаси доирасида, Швеция ҳукуматининг молиявий кўмаги ёрдамида ташкил этилди.
Тренингда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги ходимлар иштирок этишди.
Aёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонлик қурбонлари билан ишлаш бўйича Швециялик етакчи мутахассислар ва экспертлар зўравонлик қурбонлари билан мулоқот қилиш усуллари, реабилитация марказлари (шелтерлар) фаолиятини ташкил этиш, ижтимоий ёрдам олиш ва маблағ йиғиш ҳақида сўзлаб беришди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Доина Мунтеану тренинг аҳамиятига тўхталаркан, бугунги пандемия шароитида дунё бўйлаб хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайганлиги ҳамда бундай вазиятда зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш институтларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб ўтишди.
Зўравонлик қурбони бўлган аёллар учун Шелтерлар уюшмаси (УНИЗОН)нинг аёллар ҳуқуқлари ва ҳомийлик масалалари бўйича мутахассиси Мария Бёрсон иштирокчиларни Швециядаги реабилитация марказларининг турлари, зўравонлик қурбонларининг уларга мурожаат қилиш механизмлари, мамлакатдаги барча шелтерларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларда жамоавий ишларни ташкил этиш билан таништирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги