Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бугун ЮНEСКО ташкил топган кун

2020-11-16 | Фан

Бундан роппа-роса 75 йил аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОга асос солинган.

Миллий маданиятларни ўрганиш, атроф-муҳит ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва бошқа шу каби кeнг қамровли масалаларни ҳал этишда мазкур ташкилотнинг ҳиссаси катта. Ташкилот томонидан тузилган Жаҳон мeроси рўйхатига eр юзидаги 830 та табиий ва маданий объeкт, жумладан, юртимиздаги қадимий обидалар киритилган. 

Ташкилот рўйхатига кирган маданий мерос намуналари дунё миқёсида муҳофаза қилинади ва ўрганилади.

Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция қабул қилиниши муносабати билан муқаддам мавжуд бўлган «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари рўйхати»да Ўзбекистондан 6 та номоддий маданий мерос мавжуд.

Жумладан, «Бойсун маданий муҳити» ЮНЕСКО томонидан 2001 йил эълон қилинган «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари рўйхати»га биринчи бўлиб киритилган 19 номзоднинг биридир. Ўзбекистон 2008 йил Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияга қўшилгандан сўнг “Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхати”га ўтказилди.

Бойсун маданий муҳитининг ЮНЕСКО томонидан эътироф этилиши муносабати билан туман ҳудудига экспедициялар уюштирилиб, у ердаги номоддий маданий мерос элементлари чуқур ўрганилмоқда ва илмий изланишлар натижалари қатор босма нашрларда эълон қилинмоқда.

Шашмақом 2003 йил ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари рўйхати”га киритилган. 2008 йил эса “Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхати”га ўтказилди. Шашмақом ўз ижрочилик анъаналари ва қатъий тизимга эга бўлган куй ва ашулалар мажмуидир.

Шашмақом таркибига «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ»,  «Ироқ» каби  мақомлар киради. Шашмақом бундай кўринишда XVIII аср ўрталарида Бухорода шаклланганлиги учун Бухоро шашмақоми ҳам дейилади.

Катта ашулани муҳофаза қилиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича тажриба лойиҳаси ЮНЕСКОнинг АССU (Япония) маркази томонидан Олтин медаль билан тақдирланган. Катта ашула 2009 йилда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” Репрезентатив рўйхатига киритилди. Катта ашула ёки патнис ашула — Фарғона водийсига хос йирик ашула йўли ҳамда ўзига хос ижро услуби ва усули. Икки ёки ундан ортиқ (бештагача) етук хонанда томонидан чолғу жўрлигисиз галма-гал айтилади. Унинг асосий хусусиятлари бадиҳагўйлик, ҳамнафаслик, юқори пардаларда, кенг нафасда ва эркин услубда ижро этилиши, профессионалликдир.

Наврўз — Шарқий Осиёдан то Кичик Осиёгача ҳудуддаги аксарият мамлакатларда нишонланадиган байрамдир. Мазкур байрам тарихи мамлакатимиздаги тадқиқотчилар ва олимлар томонидан чуқур ўрганилган. Наврўз номзодномаси 7 та давлат - Ўзбекистон, Эрон, Туркия, Покистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қирғизистон тавсияномасига билан 2016 йилда ЮНЕСКО рўйхатига киритилди.

Аския (арабча “азкиё” — ўткир зеҳнли, ҳозиржавоб) — ўзбек халқ оғзаки ижодининг хушчақчақ ва кулгили томоша санъатининг оммалашган жанри.  Ёзма тарихий манбаларда аския ХV–ХVII асрларда кенг тарқалган. Шоир ва олим Зайниддин Восифий (ХVI аср) Ҳиротда аския кенг авж олганини ёзади ва ўнлаб моҳир аскиячилар орасида энг истеъдодли Мавлоно Абдулвосеъ Мунший исмини келтиради. Аския ҳақида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хондамир ҳам маълумот қолдирган. Аския санъати ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” Репрезентатив рўйхатига 2014 йил киритилган.

Палов (ош) ўзбекларнинг энг севимли таоми ҳисобланиб, у халқимизниниг бутун ҳаёти давомида йўлдош бўлади, десак хато бўлмайди. Палов, у билан боғлиқ урф-одат ҳамда анъаналар 2016 йил 2 декабрь куни ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” рўйхатига киритган.

Шунингдек, Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция доирасида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси (табиий мерос)  ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатидан жой олган.

Жобир Хўжақулов

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться