Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-11-15 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида:
1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини (кейинги ўринларда – тажриба-синов лойиҳаси) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, тажриба-синов лойиҳаси доирасида:
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия йўналишлари бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар тузилади;
ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети (кейинги ўринларда – кафолатланган пакет) ишлаб чиқилади;
кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Бунда оилавий шифокор ҳар бир муассаса тури бўйича тиббий хизматлар ҳажми ва клиник протоколларга мувофиқ тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар беради. Республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда, шунингдек, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади;
аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ишлаб чиқилиб, унга эришилганлиги мониторинг қилинади ҳамда натижаларига қараб қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланади;
кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов) билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар тажриба-синов лойиҳаси доирасида:
кафолатланган пакетга киритиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажмини;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда рағбатлантириш тартибини тасдиқласин.
4. Тажриба-синов лойиҳаси доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи тиббий профилактика ва патронаж тизими йўлга қўйилсин:
аҳолини мавжуд хавф омилларидан келиб чиқиб хавф гуруҳларига бўлиш;
ўрта ва юқори хавф гуруҳларига кирувчи аҳолининг белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтишини таъминлаш ва саломатлигини даврий кузатувга олиш;
юқори хавф гуруҳига кирувчи ва мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморларни доимий кузатувга олиш ҳамда уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш;
профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувларини ўтказиш;
патронаж кўрикларини оптимизация қилиб, янги мақсадли патронаж тизимини жорий қилиш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов):
бир ой муддатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилояти бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларига жорий қилинаётган янги тиббий профилактика ва патронаж тизимини ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилсин;
тажриба-синов лойиҳаси якунларига кўра мазкур бандда назарда тутилган тизимни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
5. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) 2020 йил 1 декабрдан ташкил этилсин ва унинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 46 нафар этиб белгилансин.
Бунда, Жамғарманинг штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар келгусида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;
тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ тажриба-синов лойиҳаси доирасида 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағлар (капитал қўйилмалар, фан ва илмий изланишлар, эмлаш ва бошқа мақсадли дастурлар учун ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) Жамғарманинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларига харажатлар таснифининг бир сатрида босқичма-босқич ўтказиб берилади;
Жамғарма тиббиёт ташкилотлари билан шартномалар тузиш орқали улар фаолиятини молиялаштириб боради. Бунда, туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги шифохоналарга ажратиладиган маблағларнинг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми ҳар бир даволанган ҳолатлар сони ҳамда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади;
кафолатланган пакет асосида тиббий хизматлар кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилиниши мумкин;
ажратилган бюджет маблағларининг самарадорлиги ва натижадорлиги Жамғарма томонидан доимий мониторинг қилиб борилади;
кафолатланган пакетни белгилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини баҳолаш ҳамда унинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини мониторинг ва назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
7. Қуйидагилар:
Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;
Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги вақтинчалик низом 3-иловага мувофиқ;
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи аппаратининг вақтинчалик тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Кузатув кенгашининг (кейинги ўринларда – Кузатув кенгаши) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Кузатув кенгаши (Л.Н.Туйчиев, А.Ш.Иноятов) қуйидагиларни таъминласин:
а) 2020 йил якунига қадар:
Жамғарма ходимларини тиббиёт, иқтисодиёт, молия, ахборот-коммуникация технологиялари ва Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар орасидан тўлдириш;
тиббиёт муассасалари ходимлари, улардаги мавжуд тиббий техника ва тиббиёт буюмлари ҳамда ахборот технологиялари жиҳозларини хатловдан ўтказиб, электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жамғарма, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тиббиёт муассасалари ходимлари учун соғлиқни сақлаш тизимини ташкил қилиш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш ҳамда янги киритилаётган тиббий йўналишларга қайта тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
б) 2021 йил 1 майга қадар:
тиббиёт муассасаларига бириктирилган аҳолини хатловдан ўтказиб, уларнинг соғлиги ва касалланиш кўрсаткичлари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
кафолатланган пакет учун тўловларни натижага асосланган молиялаштириш усуллари (жон бошига молиялаштириш, даволанган ҳолат, бажарилган ишлар натижалари ва бошқалар) орқали амалга ошириш механизми ва Жамғармага Давлат бюджетидан маблағларни молиялаштириш тартибини тасдиқлаш;
тиббиёт муассасаларида аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур моддий техник базани яратиш;
в) 2021 йил 1 июлга қадар:
“электрон поликлиника” ва давлат тиббий суғуртасининг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базасини яратиш ва тўлиқ ишга тушириш;
давлат тиббий суғуртаси тизимида фаолият кўрсатадиган тиббиёт ташкилотлари билан тегишли шартномалар тузиш.
Кузатув кенгашига тажриба-синов лойиҳаси доирасида ва ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
зарур молиявий, статистик ва бошқа маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан тўғридан-тўғри олиш;
манфаатдор вазирлик ва идоралардан зарур мутахассисларни жалб қилиш;
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, давлат тиббиёт муассасалари ва уларнинг ходимлари учун белгиланган норматив ва талабларга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, янги мутахассисликлар киритиш, тиббиёт муассасалари профилини ўзгартириш;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланган халқаро клиник протоколлар, касалликлар ва ҳолатларга ташхис қўйиш ҳамда уларни даволашнинг тиббий услубларини белгилаш.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов) ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ.Ғ.Мирзаев) икки ой муддатда вилоят даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганиб, улар негизида “тиббиёт кластери”ни ташкил қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
самарасиз фаолият юритаётган бўғинларни қисқартириш, қайта мослаштириш ва бошқарув харажатларини мақбуллаштириш;
Гулистон тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил этиш учун хусусий секторни жалб қилиш.
10. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов):
Сирдарё вилоятида тиббиёт муассасаларининг тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, аҳоли соғлигини мониторинг қилиб бориш имконини берувчи ягона электрон платформани яратиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳисоб-китобларига мувофиқ зарур маблағларни ажратсин;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларининг 100 фоизи бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, уларни рағбатлантиришга йўналтирилсин;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий шифокорларни зарур тиббий буюмлар ва амбулатор шароитда даволаш учун дори воситалари билан таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағ ажратсин. Бунда ушбу маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказлашган тадбирлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилсин;
Жамғарма фаолиятини ташкил этиш учун зарур маблағларни асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича 2020 йилда Давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳаси учун назарда тутилган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида ажратсин ва 2021 йилдан бошлаб ҳар йили тегишли йил учун бюджет параметрларида назарда тутсин;
Жамғармага 3 та хизмат автотранспорти, шу жумладан, 2 та шахсан бириктирилган енгил автомобиль ва 1 та навбатчи микроавтобус сотиб олиш ва сақлашга лимит ажратсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Жамғарма учун Тошкент ва Гулистон шаҳарларида бино ажратилишини таъминласин.
12. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М.Садиков):
Сирдарё вилояти тиббиёт муассасаларининг ўтказувчанлиги юқори бўлган оптик толали алоқа линиялари орқали Интернет тармоғига уланишини;
Жамғармани белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг алоҳида бандлари ижросини самарали ташкил этиш юзасидан ҳаракатлар режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш.Иноятов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ.Мирзаев белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 12 ноябрь
Манба: ЎзА