Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистондаги инвестиция фаолияти соҳасидаги жорий вазифалар муҳокама қилинди
2020-11-15 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Қарши шаҳридаги студиядан видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалари бўйича Ҳукумат комиссияси аъзолари, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини жалб этган ҳолда мамлакатда инвестиция ва экспорт фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама чоғида тармоқлар ва минтақаларда жорий йилнинг 9 ой якунлари бўйича инвестициявий фаолиятининг кўрсаткичлари кўриб чиқилди, асосий тенденциялар ўрганилди ва инвестицияларни ўзлаштириш динамикасига ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш суръатларига таъсир қилувчи асосий омиллар аниқланди.
Кўриб чиқилаётган даврда, пандемия келтириб чиқарган салбий омилларга қарамай, инвестиция фаоллигининг глобал пасайиши фонида, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли хорижий инвестицияларни ўзлаштириш қисмида ижобий динамикага эришилганлиги ижобий ҳолат сифатида таъкидланди - 9 ой якунларига кўра уларнинг ҳажми 4,9 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101%ни ташкил этади.
Бунда, тегишли ташкилотлар раҳбарларининг эътибори инвестиция муҳити ва ишбилармонлик фаоллигига салбий таъсир кўрсатадиган тизимли муаммоларга қаратилди ҳамда тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш орқали уларни тезкор равишда ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ишбилармонлар билан мулоқот қилиш юзага келаётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш механизмини яратишга имкон беради.
Умумий қиймати 12,4 млрд доллар бўлган 371та йирик саноат лойиҳаларини амалга оширилишининг ҳозирги ҳолати ўрганилди, уларнинг ишга туширилиши ва фойдаланишга топширилиши жорий йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, натижада жами 60 мингга яқин иш ўринлари яратилишига имкон пайдо бўлади.
Ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш учун ушбу лойиҳаларнинг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳамда масъул ижрочилар ва муддатлар белгилаб олинди. Хусусан, тегишли вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарлари ва ходимларини лойиҳаларга бириктиришни ташкил этиш топширилди. Уларнинг вазифалари сифатида амалга оширилаётган лойиҳаларни инвентаризация қилиш, мавжуд масалаларни ҳал этиш ва истиқболли лойиҳаларга қўшимча хорижий инвестициялани жалб қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш белгиланди.
Минтақавий инвестиция дастурларини шакллантириш ва Республика туман ва шаҳарларининг инвестициявий фаолиятини кучайтириш жараёнининг таҳлили ўтказилди. Лойиҳаларни ишлаб чиқишда ва келишишда саноат ишлаб чиқаришининг жадал ўсиши, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳисобига максимал иқтисодий самарага эришиш мақсадида энг истиқболли тармоқларни – ҳар бир туман (шаҳар) “ўсиш нуқталарига” устуворлик бериш зарурлиги таъкидланди. Саноатнинг у ёки бу йўналишларининг устуворлиги кўриб чиқилаётган туман ёки шаҳарнинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятларини, шунингдек, ички ва ташқи бозорда ушбу маҳсулотга бўлган талабни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқланиши лозим.
Шу муносабат билан, амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг иқтисодий самарадорлигини ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, замонавий технологияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратган ҳолда янги инвестициявий таклифларни ишлаб чиқиш ҳисобига мавжуд ҳудудий инвестиция дастурларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида топшириқ берилди.
Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари алоҳида тартибда тингланди, унда инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг жорий натижалари, мавжуд муаммолар, шунингдек, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар ва таклифлар тақдим этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги