Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Cochrane кутубхонасига бағишланган вебинар ўтказилди
2020-11-13 | Инновация
Ҳозирги Covid-19 пандемияси билан боғлиқ вазият, тиббиёт ходимлари учун сўнгги клиник тадқиқотлар, даволаш учун тавсиялар ва янги илмий ишланмалар билан таъминлаш учун далилларга асосланган тиббиёт базаларига кириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан, 12 ноябрь куни Wiley (John Wiley & Sons) компанияси вакиллари иштирокида Cochrane кутубхонасига бағишланган вебинар ўтказилди. Вебинарда тиббий олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари ёш олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этдилар.
Wiley (John Wiley & Sons) компаниясининг минтақавий вакили Сергей Парамонов соғлиқни сақлаш соҳасида далилларга асосланган илмий ишлар аҳамияти ҳақида гапирди.
– Cochrane кутубхонаси соғлиқни сақлаш тизими учун дунёда ягона бўлган маълумотлар базасидир, – деди С. Парамонов. – Ушбу платформа клиник маълумотларни топиш ва қисқа вақтда сўнгги тадқиқотлар натижалари асосида қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
Таъкидлаш жоизки, “Wiley” компанияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида эришилган келишув доирасида 2020 йилнинг 15 сентябридан мамлакатимиздаги Олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларига “Wiley Online Library” электрон ресурсларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилди. Илмий-техник ахборот маркази мазкур лойиҳага техник кўмак кўрсатади ва вебинарларни ташкил эташга ёрдамлашади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги