Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бокуда 2021 йил «Made in Uzbekistan» кўргазмасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
2020-11-13 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Озарбайжон экспорт ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (АЗПРОМО) президенти Юсуф Абдуллаев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат давомида томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳолати ва истиқболдаги режаларга оид масалаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, суҳбатда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Ўзбекистон ва Озарбайжонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг миллий кўргазмаларини ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
АЗПРОМО раҳбари Ўзбекистон томонининг 2021 йилнинг биринчи ярмида Бокуда «Made in Uzbekistan» кўргазмасини ўтказиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.
Музокаралар чоғида кўтарилган яна бир мавзу турли хилдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкилга қаратилди. Ушбу йўналишдаги ишлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш динамикасига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Учрашувда экспортни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш билан шуғулланадиган Ўзбекистон ва Озарбайжон тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши хорижий мамлакатлар бозорларида маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш бўйича билим ва тажриба алмашиш имконини бериши қайд этилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги