Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабзда замонавий ип-йигирув корхонаси билан танишди
2020-11-12 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12 ноябрь куни Қашқадарёга келди.
Давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз шаҳридаги Oqsaroy Vortex масъулияти чекланган жамиятда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади.
Бу ерда Oqsaroy Group компанияси таркибига кирувчи Shahrisabz Textile ва Oqsaroy Textile корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, 1 минг 610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгиланган эди.
Биринчи босқичда 2016 йили Oqsaroy Textile корхонасида қиймати 21 миллион доллар бўлган лойиҳа ишга туширилганди. Унинг доирасида йилига 9 минг тонна калава ип, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона 2019 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этди.
Иккинчи босқичда Shahrisabz Textile корхонасида калава ип, сунъий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилди. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.
Учинчи босқичда Shahrisabz Textile корхонасида калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 18 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа натижасида йилига 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилади.
Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.
Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди.
Унинг анъанавий ип-йигирув корхоналаридан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг Murata компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологияси ўрнатилган. Ушбу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.
Давлатимиз раҳбари калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.
Шу ернинг ўзида пахта толасини қайта ишлаш даражасини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти