Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Буюк Британия мутахассислари экология соҳасида ҳамкорлик қилади

2020-11-11 | Экология

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Буюк Британия билан илмий ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Эксетер университети ҳузуридаги Сув тизимларини ўрганиш маркази (CWS) вакиллари ўртасида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн-мулоқотнинг бош мавзуси ушбу тузилмаларнинг қўшма илмий лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашиш бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан Атроф-муҳит ва экологик технологиялар илмий-тадқиқот институти директори Зафар Раҳимов, Халқаро ҳамкорлик ва лойиҳалар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Талипов, Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссиянинг Илмий ахборот маркази раҳбари Баҳодир Пўлатов, Буюк Британия томонидан Эксетер университети ҳузуридаги Сув тизимларини ўрганиш марказининг ҳамраиси Слободан Жоржевич ва CWS глобал ишланмалари директори Акбар Жавади иштирок этди.

Суҳбатдошларга Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва илмий-тадқиқот институти вакиллари Ўзбекистонда экология соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ўрганиш, саноат чиқиндиларини бошқариш, сув ресурслари, атроф-муҳит мониторинги ва соҳага инновацион ечимларни киритиш тўғрисида ахборот тақдим этди.

CWS вакиллари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтининг халқаро кўламдаги алоқаларига юқори баҳо бери. Институт халқаро шартномаларга,  жумладан, БМТнинг Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияси, Сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги Рамсар конвенцияси, Ёввойи ҳайвонот дунёси ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция ва бошқа ҳужжатларга қўшилганини эътироф этди.

Буюк Британия вакиллари Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан иқлим ўзгариши, сув ресурсларини барқарор бошқариш, тошқин хавфини бошқариш (шаҳар дренажи, канализация, тезкор бошқариш, шаҳар тошқинларини моделлаштириш), шаҳар чиқинди сувлари (реал вақтда моделлаштириш ва мониторинг қилиш), сув тақсимоти (моделлаштириш, мониторинг), ер ости сувларини моделлаштириш (оқим, ифлосланиш ва иссиқлик эффектлари, денгиз сувларининг кириб бориши), сув сифатини бошқариш (ифлослантирувчи моддаларни тозалаш) комплекс тизимларини ўрганиш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар чоғида республикада сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазиятни баҳолаш учун коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият нормаллашганидан кейин CWS  вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари йўналишларини ривожлантириш ва халқаро тузилмалар томонидан молиялаштириш учун тегишли аризаларни тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, Британия тадқиқот институти билан университетнинг талабалар алмашинуви дастури ва Буюк Британия университети томонидан ташкил этиладиган халқаро илмий конференциялар доирасида ўзбек олимларининг CWS тадқиқот лойиҳаларида иштирок этишини ташкил этиш, илмий онлайн-семинарлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться