Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хориждаги ватандошлар билан туризмни ривожлантиришга йўналтирилган видеомулоқот ўтказилди
2020-11-09 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида хорижий мамлакатлардаги ватандошлар билан видеоконференция ўтказилди. Унда Қўмита раиси ўринбосари Улуғбек Азамов, департамент ва бошқарма бошлиқлари, шунингдек, Россия Федерацияси, Япония, ХХР, Жанубий Корея, Франция, Германия ва Қозоғистонда таълим олаётган ва фаолият юритаётган ватандошларимиз иштирок этишди.
Видеомулоқот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги 3982-сон қарори ҳамда 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнининг 42-сон ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Онлайн мулоқот доирасида Улуғбек Азамов хорижлик ватандошларни сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хориждаги ватандошлар мамлакатимиз туризмидаги ижобий ўзгаришларни алоҳида эътироф этган ҳолда Қўмита вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шу билан бирга, қатор таклифларни илгари суришди.
Араб давлатлари ва Туркиядан Ўзбекистонга сайёҳларни жамоавий жалб қилиш, Япония аҳолиси ўртасида ўзбек миллий таомларини тайёрлашга доир маҳорат дарсларини ташкил этиш, уларнинг доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш, ХХР аҳолиси орасида юртимизнинг экстремал туризм салоҳиятини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш, Жанубий Кореядаги онлайн авиачипталар савдоси билан шуғулланувчи компания билан ҳамкорликда кореяликлар учун турпакетлар савдосини йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларда мамлакатимизнинг гастрономик, агро ва экотуризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ўзбек диаспоралари билан кенг қамровли ҳамкорлик қилиш шулар жумласидандир.
Тадбир якунига кўра, чет элдаги ватандошлар томонидан Ўзбекистон туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли орасида тарғиб қилишга йўналтирилган лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга, хусусан, юртимизнинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма ва видеоматериаллар билан таъминлашга келишиб олинди.
Бундан ташқари, хориждаги ватандошлар билан видеомулоқот давомида ватандошлар томонидан билдирилган таклифларни ўрганиб чиқиб, мақбулларини биргаликда амалга оширишга ҳамда бу каби мулоқотларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги