Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия давлат педагогика университетининг хориждаги илк филиали Тошкент шаҳрида очилмоқда
2020-11-07 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Онлайн-мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, РДПУ ректори маслаҳатчиси Арсений Парфенов, РДПУ Тошкентдаги филиалининг янги тайинланган директори Василий Попов ва бошқалар қатнашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
А.Герцен номидаги РДПУ ректори маслаҳатчиси А.Парфенов университет маъмурияти номидан ректор С. Богданов Тошкентда А.Герцен номидаги РДПУ филиалини очиш ғоясини илгари сургани учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига алоҳида миннатдорчилик билдиришини таъкидлади.
Эътиборлиси шуки, ушбу филиал РДПУнинг хорижда ташкил этилган биринчи филиали бўлади. Тошкент шаҳридаги филиалда мактабгача таълим, коррекцион педагогика, психология ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Университетда таълим бакалавриат ва магистратура дастурларида ташкил этилади.
Учрашув давомида Тошкентда А.Герцен номидаги РДПУ филиалини очишнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 январь куни Санкт-Петербург шаҳрида А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида РДПУ филиалини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган эди.