Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Амирликлар ҳамкорлиги: тараққиёт ва истиқболлар
2020-11-06 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Султон Ас-Сири ал-Қамзи билан учрашди.
Учрашув давомида С.Умурзаков БАА элчисини Ўзбекистон Республикаси Президентига ишонч ёрлиқларини тақдим этиш маросими ва лавозимга расман кириш билан табриклаб, унга Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Суҳбат давомида икки томонлама шартномаларнинг бажарилиши ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Энергетика, логистика ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистон-Амирликлар қўшма инвестиция компаниясининг фаолияти кўриб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, Амирликлар ва халқаро сифат стандартларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун инновацион иссиқхоналар яратиш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди, бу эса ушбу маҳсулотларни БАА ва учинчи мамлакатлар бозорларига йирик ҳажмларда етказиб беришни йўлга қўйиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда тегишли лабораториялар ва сертификатлаштириш марказларини ташкил этиш долзарблиги қайд этилиб, бу йўналишда ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришилди.
25 та устувор йўналиш бўйича амалга оширилаётган давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда ҳамкорлик Дастури ижросининг амалдаги натижалари ижобий баҳоланди.
Томонлар туризм ва таълим соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш йўли орқали ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Учрашув натижасида муҳокама этилаётган йўналишлар доирасида самарали ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишига юқори сифатли тайёргарлик бўйича тизимли ишларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги