Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасида медиация институтини ривожлантириш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан онлайн учрашув ўтказилди
2020-11-05 | Жамият
Адлия вазирлиги, Юристлар малакасини ошириш маркази (ЮМОМ), Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Тошкент медиация маркази (ТММ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида видеконференцалоқа орқали учрашув ўтказилиб, Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантиришда ЕТТБнинг беғараз кўмагини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
ЮМОМ ва ТММ вакиллари томонидан марказлар фаолияти, уларга юклатилган вазифалар ҳамда Ўзбекистондаги медиация институтини ривожлантиришдаги роллари ёритиб берилди.
Ўзбекистон томони медиация бўйича тренерларни ва медиаторларни тайёрлашда хорижий экспертларни жалб қилиш, улар учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, медиаторлик соҳасидаги энг илғор амалиётларга эга хорижий давлатларга ўқув ташрифларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда ЕТТБнинг техник ва эксперт ёрдами мухимлиги таъкидланди.
ЕТТБнинг ҳуқуқий ислоҳотлар лойиҳалари бўйича техник ёрдам кўрсатиш жамоаси ва юридик бўлим ходими Вероника Брадаутану низоларни муқобил ҳал қилиш соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, медиация институтини ривожлантиришда ЕТТБ техник ва экперт ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистонда медиаторлик фаолиятини ривожлантиришда Адлия вазирлиги ва ЕТТБ ўртасида ҳамкорлик бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва шу йилдан бошлаб дастурни амалга оширишни бошлашга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунига асосан Адлия вазирлиги медиация институтини мувофиқлаштирувчи орган сифатида профессионал асосдаги медиатор фаолиятини амалга ошириш бўйича махсус ўқув курслари дастурини тасдиқлайди, медиаторларни ўқитади ва малакасини оширади, медиаторлар реестри юритади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги