Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

АОКА ва БМТ ваколатхоналари ҳамкорлигида «Оролга ҳаёт бағишла» мавзусида халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди

2020-11-05 | Экология

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган «Оролга ҳаёт бағишла» мавзусидаги халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди. 

Анжуманни Агентлик директори Асаджон Ходжаев, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб берди. Конференцияда халқаро ташкилотлар вакиллари: БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, БМТ ТД Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори ўринбосари Аги Верес ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзерлар иштирок этди. Шунингдек, мулоқотда вазирлик ва идоралар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари фикр алмашди.

«Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширди. Бироқ атроф-муҳитнинг мунтазам равишда ифлосланиши, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, чўлланиш жараёнлари ва қурғоқчиликнинг кўпайиши минтақамизнинг барқарор ривожланишига таҳдид солмоқда», — деди АОКА раҳбари А.Ходжаев.

Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси доирасида Орол денгизи минтақасидаги экотизимларни тиклаш ва муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. А.Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари ва БМТ билан ҳамкорликдаги куч ва имкониятлари Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш ҳамда минтақа аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам беришига ишонч билдирди.

Конференция давомида «Орол фожиаси тўғрисида глобал хабардорликни ошириш», «Атроф-муҳитни қайта тиклашнинг инновацион усуллари», «Минтақадаги соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал қилиш бўйича устувор ҳаракатла», «Ижтимоий тадбиркорлик орқали инсон капиталини ривожлантириш» каби мавзулар муҳокама қилинди.

Маърузачилар томонидан тақдимотлар ва Оролбўйи минтақасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди ҳамда минтақанинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик хавфсизлигини яхшилаш бўйича турли ташаббуслар таклиф қилинди.

«Бутун дунё янги коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши курашаётган бир даврда, Оролбўйи аҳолиси Орол денгизи фалокатининг салбий оқибатларини бошдан кечирган ҳолда, энди коронавирусга қарши курашишга мажбур бўлиб, бу минтақада яшовчи аҳолининг елкасига қўшимча юк бўлди. Шу нуқтаи назардан, биз Оролбўйи аҳолисининг долзарб муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг яшаш шароитларини сифат жиҳатидан яхшилаш учун халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур деб ҳисоблаймиз», — деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев.

Ўз навбатида, Агентлик БМТ ваколатхоналари билан ҳамкорликда «Facebook» ижтимоий тармоғида Орол денгизининг фожиали тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун виртуал майдон сифатида «Орол дўстлари» (Friends of the Aral Sea) деб номланган электрон платформани ишга туширди.

Бундан ташқари, Агентлик ташаббускор фуқароларнинг мазкур лойиха ривожига ўз хиссаларини қўшиши учун, замонамизнинг экологик фожиаси тўғрисида жаҳон ҳамжамиятининг хабардорлигини янада оширишда ижодий ғояларни яратишлари учун «Telegram» мессенжерида «Оролга ҳаёт бағишла» (Give Life to Aral) номи остида янги канални ишга туширди.

Агентлик, шунингдек, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, журналист ва блогерларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид кўпроқ масалаларни ёритишга чорлаб, бу борада амалий ёрдамга тайёр эканини билдирди. 

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Поделиться