Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Норин дарёси кўпригида қатнов тикланди
2020-11-03 | Иқтисодиёт
Носоз ҳолатга келиб қолганлиги учун бундан олти ой аввал ҳаракат тўхтатилган Норин дарёси кўприги қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Фарғона ҳалқа йўлидан ўтган мазкур иншоот 1962 йилда барпо этилган ва охирги пайтга келиб унда дарз ва ёриқлар пайдо бўлганди. Андижон ва Наманган вилоятларини автомобиль йўли орқали ўзаро боғлайдиган кўприкда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан 8,3 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Реконструкциядан сўнг мазкур кўприкнинг эни қарийб 1,5 метрга кенгайтирилиб, икки четида пиёдалар учун йўлаклар ҳам қурилди. Бу билан иншоотнинг қатнов қуввати ортди. Эндиликда ундаги икки тасмали автомобиль йўлида бир кеча кундузда 20 мингдан ортиқ транспорт ўтказиш имконияти мавжуд. Пиёдаларнинг кечки пайтда ҳам кўприкда бемалол ҳаракатланишларини таъминлаш учун 13 та электродиодли ёритгичлар ўрнатилди.
Кеча қайта қурилган кўприкни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззоқов иштирок этди.
Манба: «Халқ сўзи»