Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанддан хорижга 4,5 минг тонна туршак экспорт қилинди
2020-11-02 | Иқтисодиёт
Юртимизда турли хил мева-узум майдонлари сезиларли даражада кенгайиб бормоқда. Етилаётган ҳосилларни боғбон-соҳибкорларимиз нес-нобуд қилмай йиғиштириб олишлари катта масъулият талаб этади, албатта.
Ёз ойида пишиб етиладиган мева навларини узоқ сақлаб бўлмайди, чунки улар кўпи билан бир ой сақланади, шунинг учун истеъмолдан ортган мевалар қуритилади. Эртанги меваларни қуритиш натижасида ўрикдан туршак, кайса, курага тайёрланади. Натижада, пишиб етилаётган меваларнинг бир қисми истеъмолга, қайта ишлашга, яна бир қисми эса экспортга йўналтирилмоқда.
Биргина, Самарқанд вилояти тадбиркорлик субъектлари қуритилган ўрик (туршак) маҳсулотларини етиштириш, қуритиш, навларга ажратиш бўйича юқори натижаларга эришишмоқда. 2020 йилнинг 9 ойи давомида умумий қиймати 5 795,4 минг АҚШ долларлик вазни 4,5 минг тонна туршак маҳсулотлари жаҳон бозорининг турли нуқталарига экспорт қилинди. Вилоятдан туршак маҳсулотлари асосан Ироқ,Туркия, Россия, Белоруссия ва Украинага экспорт қилинган.
“Caravan Gardens” компанияси бош директори Ж. Абдуллаевнинг “Umid 2.020” халқаро конференциясида айтиб ўтган маълумотларига кўра, Ўзбекистон баргак (данаксиз туршак) етиштириш бўйича дунёда иккинчи туради.
Маълумот тариқасида шуни айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятнинг 106 тага яқин корхоналари томонидан туршак маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси