Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлари коронавирусга қарши курашда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашди
2020-11-01 | Соғлиқни сақлаш
Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилиши доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа билан мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўар, мулоқот давомида Ф.Қовжа мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, коронавирусга қарши кураш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ушбу масалаларда мамлакатларимиз ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, А.Шодмонов турк қардошларимизнинг мамлакатимиз тиббиётига киритадиган инвестициялари, ўзбек ва турк мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашишлари соҳа ривожига ижобий таъсир қилаётганини эътироф этди. Пандемия даврида қардош давлат томонидан мамлакатимизга берилаётган мадад учун миннатдорчилик билдирилди.
Мулоқот давомида фармацевтика ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб этиш, коронавирусга қарши курашда малакали турк мутахассисларини юртимизга таклиф этиш, икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиши каби қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири, шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилиши доирасида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдад Амреев, шунингдек, бир қатор турк инвесторлари билан мулоқот ўтказди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги