Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Worldskills Uzbekistan-2020» ишчи касблар бўйича чемпионати бошланди
2020-10-31 | Жамият
Пойтахтимиздаги «Ишга марҳамат» банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш мономарказида ишчи касблар бўйича «WorldSkills Uzbekistan-2020» чемпионати бошланди.
Икки кун давом этадиган мусобақада 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иштирокчилар WorldSkillsнинг 6 та йўналиши: меҳмонхона маъмурияти, сартарошлик санъати, ошпазлик, қуруқ қурилиш ва пардозлаш ишлари, электр монтажи, пайвандлаш технологиялари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этадилар.
Чемпионатда Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабздан 36 нафар ёш мутахассис қатнашяпти. Тақдимот-имтиҳондан кейин уларнинг ишларини 45 нафар эксперт баҳолайди. Чемпионатнинг барча иштирокчилари касбий билим ва кўникмалар тўғрисидаги сертификатлар – Skills-паспортлар олади ва энг яхшилари олтин медаль билан тақдирланади.
Чемпионат Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси (WorldSkills Uzbekistan) томонидан, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Бундай форматдаги касб мусобақалари мамлакатимизда биринчи бор ўтказилиши эмас. Ўтган йил декабрь ойида «Ёш профессионаллар» иттифоқи (WorldSkills Russia) билан ҳамкорликда Ишчи касблар бўйича Ўзбекистон Республикаси биринчи очиқ миллий чемпионати ўтказилганди. У нафақат Ўзбекистон, балки Россия, Қозоғистон, Қирғизистондан иштирокчилар, экспертлар ва кузатувчиларни бир жойга жамлаганди.
Чемпионат мамлакатимизнинг WorldSkills International халқаро ассоциациясига қўшилишида ҳал қилувчи қадам бўлди ва 2020 йил 17 январда WorldSkills Директорлар кенгаши бизнинг аъзоликка қабул қилиш бўйича сўровимизни тасдиқлади. Натижада, Ўзбекистон ушбу халқаро ассоциациянинг 83-аъзоси бўлди.
WorldSkills International – халқаро нотижорат ташкилоти бўлиб, икки йилда бир марта ўтадиган халқаро чемпионатларни ташкил этиш орқали ишчи касблар нуфузи ва мақомини, шунингдек касбий тайёргарлик стандартларини оширишга қаратилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати 2021 йил сентябрда Шанхайда ўтказилади.
WorldSkillsни Ўзбекистонда ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкор БМТ Тараққиёт Дастури саналади. БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги Доимий Вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним қайд этганидек: «Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда «WorldSkills Expert Community» профессионал эксперт ҳамжамиятини яратиш, шунингдек WorldSkills стандартлари бўйича касбий билим ва кўникмаларни мустақил баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Ушбу тадбирлар якунида энг талабгир касбий билим ва кўникмалар бўйича камида 70 нафар WorldSkills Uzbekistan экспертлари саралаб олинади ва экспертлар гуруҳи шакллантирилади. Бу экспертлар келгусида Ўзбекистонда халқаро эътироф этилган WorldSkills стандартларини татбиқ этадилар.
Манба: «Янги Ўзбекистон»