Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси инвестиция фаолиятининг 2020 йил январь-сентябрь ойлари якунлари
2020-10-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг январидан сентябригача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестицияларининг умумий ўзлаштирилган ҳажми 7,2 млрд долларни, (шундан асосий капиталга – 5,7 млрд доллар) шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,8 млрд доллар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларининг маблағлари – 2,3 млрд долларни ташкил этди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича тармоқ корхоналари томонидан 1,8 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштирилди, шундан асосий капиталга 1,3 млрд доллар, (ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан - 126%), ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида эса 3,1 млрд доллар, шундан асосий капиталга 2,5 млрд доллар ўзлаштирилди (ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан - 93%).
Ҳисобот даври якунлари бўйича хорижий инвесторлар учун энг жозибадор электротехника тармоғи (ўсиш - 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 25 баробар), АКТ соҳаси (ўсиш - 3,6 баробар) ва кимё саноати (ўсиш - 1,2 баробар) бўлди. Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар кўриб чиқилганда, Сурхондарё (1,1 баробар), Навои (1,7 баробар) ва Наманган вилоятларига (1,3 баробар) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсишининг юқори динамикасини таъкидлаш жоиздир.
Инвестиция фаолияти кўрсаткичларининг сезиларли ўсиши халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистонга ажратиладиган маблағлар оқимининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ бўлиб, уларнинг асосий қисми Япония ҳукуматининг молия ташкилотлари - JICA, JBIC (умумий ҳажмга нисбатан 20% ёки 470,8 млн доллар), Осиё тараққиёт банки (16,6% ёки 380,0 млн доллар), Жаҳон банки (11,2% ёки 256,8 млн доллар), Ислом тараққиёт банки (3,6% ёки 81,2 млн доллар) ва бошқаларга тўғри келади.
Ушбу маблағлар нефть-газ саноати (884,3 млн доллар), қишлоқ ва сув хўжалиги (461,9 млн доллар), кимё саноати (272 млн доллар), энергетика (205,7 млн доллар), транспорт-логистика секторлари (171 млн доллар), соғлиқни сақлаш (70,0 млн доллар) ва таълим соҳасидаги (32,4 млн доллар) лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.
Ҳисобот даврида жами 3,3 млрд долларлик 65 та йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши якунланди, бунинг ҳисобига 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида "Тахиатош ИЭСда 230 — 280 МВт қувватга эга иккита парогаз қурилмаларини қуриш" лойиҳаси, Навоий вилоятида "Навоиазот" АЖ негизида азот кислотаси ишлаб чиқарилиши, Тошкент шаҳрида "Технопарк" МЧЖ ва унинг шўъба корхоналарида 62,1 млн долларга маиший музлатгичлар ишлаб чиқариш, 466,1 млн доллар миқдорида ер усти метро қурилиши (1-Фаза), 103,8 млн долларлик Тошкент метрополитени Юнусобод линияси иккинчи босқичининг қурилиши, Жиззах вилоятида эса 150 млн долларлик "Хуасин Цемент Джизак" МЧЖда цемент ишлаб чиқарилиши бўйича лойиҳа.
Умуман олганда, 2020 йил охирига қадар 10,1 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда, шулардан асосий капиталга – 9,2 млрд доллар, бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 7,0 млрд долларни, шундан 6,6 млрд долларни - асосий капиталга (2019 йил якунларига нисбатан 102%) инвестицияларни ташкил этади.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш мақсадида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тармоқ вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган умумий қиймати 10,1 млрд долларлик 206та йирик инвестиция лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича махсус мониторинг олиб бормоқда, уларни ишга туширилиши 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратишга имкон беради. Ушбу лойиҳалар қаторига қиймати 359,4 млн долларлик Тошкент металлургия заводини қуриш (672та иш жойи), 985,7 млн долларлик "Навоиазот" АК базасида аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш (491та иш жойи), 25,0 млн долларлик "Джизак Кентекс" МЧЖда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш (400та иш ўрни) ва бошқалар киради.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5717-сонли Фармонига биноан 2020 йил охирига қадар "Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш" давлат органларининг ахборот тизимлари билан бирлаштирилган автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Ушбу дастурий комлекс Лойиҳаларни бошқариш бўйича ягона миллий ахборот тизимининг таркибий қисмига айланиб, лойиҳа ташаббускорларини ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этадиган барча давлат тузилмаларини ўз ичига олади. Ушбу тизимнинг афзаллиги лойиҳаларни амалга ошириш муддатини, бюджетини, мақсадларини ва кўрсаткичларини мониторинг қилиб бориш, жалб қилинган ва ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми бўйича ишончли маълумотлар шакллантириш, лойиҳаларни ўз вақтида фойдаланишга топширилмаслик хавфларини аниқлаш, шунингдек, инвестициядан кейинги даврда лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиб бориш ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги