Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирликлари вакиллари ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
2020-10-29 | ШҲТ
ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар транспорт вазирларининг саккизинчи йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Йиғилишда Ўзбекистон делегациясига транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов бошчилик қилди.
Учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳамда соҳага замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, транспорт-логистика соҳасида кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш дастури доирасида ишларни ўзаро мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашди.
— ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга, — деди Даврон Деҳқонов. Уни амалга ошириш, шубҳасиз, мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши ва кўп томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувда фавқулодда вазиятлар, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалиши шароитида траспорт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари, шунингдек, пандемиядан кейинги даврда соҳани ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги