Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Йўловчи транспорти ва логистикаси масалалари бўйича қўшма ҳайъат йиғилиши ўтказилди
2020-10-29 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Вазирлар Маҳкамасининг Йўловчи транспорти ва логистикаси масалалари бўйича қўшма ҳайъати мажлисини ўтказди.
Унда йўловчи транспорти ва логистикаси масалалари бўйича қўшма ҳайъат аъзолари, тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 январдаги 5611-сон ҳамда 2019 йил 13 августдаги 5781-сонли фармонларида йўловчи ташиш ва логистика тизимини ривожлантиришга оид вазирлик ва идораларга белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда транспорт ва логистика масалалари бўйича бошқа мавжуд муаммолар муҳокама этилиб, уларнинг ечимлари биргаликда изланди.
“Ҳозирда давом этаётган коронавирус пандемияси бутун дунёда транспорт ва туризм соҳасига катта зарар етказди. Дунё ҳамжамияти транспорт ва туризм соҳасида хавфсизлик ва қулайликнинг “янги норма”ларини қабул қилган ҳолда ўзгаришни талаб қилмоқда. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳалар жаҳон талабларидан келиб чиққан ҳолда янгиланиши ва такомиллашиши талаб қилинмоқда”, - деди Азиз Абдуҳакимов. Тадбир доирасида Транспорт вазирлиги, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Uzbekistan Airways” АЖ, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳисобот ва таклифлари тингланди. Бугунга келиб Ўзбекистонда туризмни миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ушбу соҳада сўнгги тўрт йил мобайнида 75 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий хужжат қабул қилинди. Шундан Ўзбекистон Президентининг 16 фармон ва 14 қарори, 40 дан ортиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижасида сайёҳларга транспорт хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, янги йўналишларда авиарейсларни йўлга қўйиш, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш, консервация қилинган аэропортларга халқаро рейсларни йўлга қўйиш, авиаёқилғи нархларини арзонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Президентнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 5781-сонли Фармонига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 октябридан “Қарши”, “Нукус”, “Термиз” ва “Бухоро” халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий қилинди. Бундан ташқари, республиканинг авиация соҳасидаги имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2020 йилнинг 19-20 февраль кунлари I Халқаро авиация форуми ташкил этилди. Форум ишида 91 экспонент, 634 делегат, дунёнинг 180 дан ортиқ компанияси ва 35 мамлакатдан 250 дан ортиқ хорижий меҳмон иштирок этди. Тадбир доирасида 25 дан зиёд хорижий авиакомпания билан музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 июндаги “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4755-сон қарорига кўра қўшимча тарзда жорий йилнинг 1 августидан “Очиқ осмон” режими “Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш учун репатриацион авиақатновлар амалга оширилмоқда. 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб 17 октябргача жами 408 та қўшма авиақатнов амалга оширилган ва 90 500 та йўловчи ташилган. Шу билан бир қаторда, 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Истанбул, Франкфурт, Дубай, Шаржа, Сеул, Нью-Йорк, Минск, Олмаота ва Бишкек йўналишлари бўйича мазкур давлатларда ўрнатилган пандемия талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда, мунтазам авиақатновлар қайта тикланиб, амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳридан Нукус, Бухоро, Урганч ва Термиз йўналишлари бўйича маҳаллий авиақатновлар мунтазам амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишлар бўйича сентябрь ва октябрь ойининг 17 куни ичида жами 86 та қўшма рейслар бажарилиб ва 18 533 та йўловчи ташилган. Шу билан бирга, мамлакатнинг ҳудудий халқаро аэропортларига энг яхши номларни аниқлаш йўлида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аэропортларга энг яхши номларни аниқлаш оммавий танлов низоми ишлаб чиқилди ҳамда Йўловчи транспорти ва логистикаси масалалари бўйича қўшма ҳайъатининг баённомаси билан тасдиқланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Транспорт вазирлиги ва “Uzbekistan Airports” АЖ билан биргаликда оммавий танлов эълон қилинди. Танлов шартлари https://uzbektourism.uz, https://mintrans.uz, https://uzbairports.uz сайтларида қайд этилган. “Ўзбекистон туризм магистрали” (Хонобод-Мўйноқ) туризм транспорт коридорини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланиб, жойларда йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар шакллантирилмоқда. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш доирасида магистралнинг умумий 1 643 км узунликдаги ҳудуд қамраб олинади ҳамда умумий қиймати 525,0 млрд. сўмлик 64 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 2 800 янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. 2019 йилда барча турдаги транспорт воситалари билан жами 6 млрд 25 млн. йўловчи ташилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 101,2 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг январь-cентябрь ойларида 3 млрд 952 млн йўловчи ташилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 87 фоиз ташкил этди. Шу жумладан халқаро йўналишларда 944 минг йўловчи ташилди. Бугунги кунгача жами 26 халқаро автобус йўналиши ташкил этилиб, уларда 679 минг нафар йўловчи ташилди. Шунингдек, шаҳарлараро ва вилоятлараро автобус йўналишлар бўйича 15 автобус йўналиши қайта тикланди.
Жумладан, Тошкент шаҳридан Хива, Термиз, Қарши, Навоий, Жиззах, Денов, Шаҳрисабз, Зомин, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Тожикистон томондан Россия ва Қозоғистон давлатларига жами 5 мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилган бўлиб, мазкур автобусларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланишига шароит яратилган. 2020 йил якунига қадар 5 млрд. 223 млн йўловчи ташилиши ва ўтган йилга нисбатан 87,3 фоизни ташкил этилиши кутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги “Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 424-сон қарори ижросини ҳамда йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ИИВ ЙҲХББ, Давлат солиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимларидан тузилган 91 гуруҳ томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича 3 094 маротаба рейд ўтказилиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган 390 015 автотранспорт воситаси текширилиб, 72 664 та қоидабузарлик, жумладан, 10 043 та тегишли ҳужжатсиз, 436 та маст ҳолда, 1 548 та лицензия варақасисиз, 1 179 та техник жиҳатдан носоз бўлган, 534 та техник ҳолати текширилмасдан йўналишга чиқарилган транспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш, 350 нафар ҳайдовчининг соғлиғи йўналишга чиқишдан олдин текширилмаслик ҳолатлари аниқланган. Тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланган 34 744 та автотранспорт воситасидан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланди ҳамда тунги соат 22.00 дан кейин ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ҳаракатланаётган 198 та автотранспорт воситасининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган. Фарғона водийсини Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудлар билан ўзаро боғлаш орқали ушбу вилоятларда туризмни ривожлантириш мақсадида “Ангрен-Поп” А-373 (Қамчиқ довони) автомобиль йўлида автотранспорт воситаларида 15 кишигача бўлган йўловчилар ташишни йўлга қўйиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Транспорт вазирлиги томонидан довон йўлини стандарт нормаларга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Республика бўйлаб йўловчиларни ҳаракатланиши ҳамда мустақил сайёҳлар томонидан туристик маршрутларини белгилашда олдиндан режалаштириш учун автобус, авиа ва темир йўл рейсларини қулай тарзда боғловчи йўл чипталарини сотишни назарда тутувчи республика транспорт тизимининг ягона электрон портали ишлаб чиқилди ва тест режимида синаб кўрилди.
Йиғилиш якунига кўра, барча масъулларга йўловчи транспорти ва логистикасини янада такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқ ва вазифалар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги