Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пекинда ўзбек экспортчилари учун электрон портал ишга туширилди
2020-10-29 | Иқтисодиёт
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ўзининг биринчи ташқи иқтисодий фаолият электрон портали uzchinaexport.com ни ишга туширди.
Икки мамлакат бизнес субъектларига кўмаклашиш йўли билан савдо, инвестициялар ва сайёҳлик соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, Хитойга экспортни рағбатлантириш учун максимал даражада қулай муҳитни шакллантириш ушбу порталнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Унга жойлаштирилган Ўзбекистоннинг экспортга мўлжалланган маҳсулотлари каталоги Хитой ишбилармон доиралари вакиллари учун мўлжалланган. Мазкур тўпламда озиқ-овқат, қандолатчилик, мева-сабзавот, тўқимачилик, тери-чарм, қурилиш материаллари, нефть, кимё маҳсулотлари, металлургия, электр техникаси ва миллий ҳунармандчилик буюмларига доир барча зарур маълумотлар ўз ифодасини топган.
Хорижлик харидорлар маҳсулот турлари, уларнинг техник кўрсаткичлари ва ўзига хос жиҳатлари билан танишиши ҳамда ўзларини қизиқтирган товарларни танлаб олиши мумкин. Веб-саҳифа фойдаланувчиларига қулай бўлиши учун барча ахборотлар ўзбек, хитой, инглиз ва рус тилларида тақдим этилган.
Товар ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар учун мўлжалланган бўлимда харидорларнинг тижоратга доир сўровлари, таклифлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг электрон каталоглари сингари фойдали ахборотлар, шунингдек, ХХР ва Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган кўргазмалар тақвими, маркетингга оид ва бошқа кўплаб маълумотлар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, Хитой бозорларидаги тамойиллар, Хитойда товарлар сифатига қўйиладиган талаблар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни мамлакатга олиб кириш тартиботлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам портал фойдаланувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган. Улар, шунингдек, Хитойда бизнес юритиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга ижозат олиш тартиби бўйича маълумотномаларни топиши мумкин. Бундан ташқари, порталда юридик ҳужжатлар намуналари, фойдали сайтлар ва бошқа масалаларга доир жуда кўп зарур ахборотлар жамланган.
Порталда энди иш бошлаётган экспортчилар учун ўз маҳсулотининг Хитойга экспортини ташкил этиш учун босқичма-босқич, яъни бозорни тадқиқ этишдан тортиб то товарни жўнатишга қадар бўлган тавсиялар ҳам мавжуд. Веб-саҳифада саноатнинг ҳар бир тармоғи бўйича фаолият кўрсатадиган савдо уюшмалари, корпорациялар, импортчилар ва трейдинг компаниялари рўйхати мунтазам равишда тўлдириб борилади.
Ушбу порталда ўзбек компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматларини жойлаштириши ва Хитойда ўз истеъмолчиларини топиши мумкин. Бунинг учун улар элчихонанинг электрон почтасига (uzchinaexport@mfa.uz) ўз компанияси ҳақидаги қисқача маълумот, маҳсулотлар каталоги, сертификатлари, ҳар бир маҳсулот тавсифи, тижорат таклифлари, суратлар, видеороликлар ва бошқа материалларни юбориши зарур. Юқорида қайд этилган ҳужжатлар ўзбек, хитой, инглиз ва рус тилларида бўлиши лозим. Таклиф этиладиган маҳсулот сифати Хитойда қабул қилинган талабларга жавоб бериши керак.
Шунингдек, порталда хитойлик инвесторлар учун Ўзбекистоннинг сармоявий муҳити ва салоҳияти ҳамда истиқболли лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этилган. «Сайёҳлик» бўлимида эса мамлакатимизнинг йирик шаҳарларидаги диққатга сазовор тарихий-маданий масканлар ҳақидаги маълумотлар жой олган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги