Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тарбия — буюк неъмат

2020-10-29 | Таълим

Нафақат бир оила, балки ер сайёрасидаги ҳар бир мамлакатнинг гуллаб-яшнаши, ундаги яшовчи халқларнинг фароғати ҳам шак-шубҳасиз таълим ва тарбия туфайлидир.

Ҳаёт оламида, шубҳасиз, тарбия сингари инсониятга таъсирли нарса йўқдир. Шу сабабдан қадимдан машҳур донишмандлар тарбия тўғрисида қимматли фикрларни ёзиб қолдирганлар.

Ёшлар тарбияси, уларни илмли ва ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш барча замонларда муҳим вазифа ҳисобланган. Мутафаккирларимиз томонидан ёзиб қолдирилган бундай нодир асарлар  ўсиб келаётган ёш авлодни салбий иллатлардан асраб, ахлоқан пок, ҳақиқий инсон бўлиб етишишларига ундаган.

Аждодларимиз асрлар давомида севиб мутолаа қилган “Панднома”, “Сиёсатнома”, “Қобуснома”, “Ахлоқи муҳсиний”, “Ахлоқи жалолий”, “Ахлоқи носирий”, “Қонуни ҳикмат”, “Нигористон”, “Баҳр ал-улум”, “Качкўли султоний”, “Жовидони хирад”, “Бисту се ҳикмат”, “Ҳикоёти дилписанд”, “Одоб ас-солиҳин”, “Туркий “Гулистон” ёхуд ахлоқ”  сингари асарлар шулар жумласидандир. Ушбу нодир асарларда аввал ахлоқ-тарбияга оид бирор сўз ва тушунчани изоҳлаб, кейин унга ўқувчи амал қилиш учун нақлий ва ахлоқий далиллар келтиради. Умуман уларнинг мазмун-мундарижаси, уларда илгари сурилган илғор ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Хитой донишманди Сюн-Цзи “Чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлашади. Катта бўлганларида эса турли қилиқлар қилишади. Бу – тарбиянинг оқибати”, деб ёзган эди. Олмон файласуфи Иммануил Кант ўз асарида “Инсон фақат тарбия орқали инсон бўлади, унинг қандайлиги тарбиянинг натижасидир”, деган фикрни билдиради.

Тарбия борасида Саъдий Шерозий шундай мисраларни битган:

Минбарнинг пойида турса ҳам  эшак, 

Тарбия юқмайди, бўлмайди одам.

Тарбия кўрмайин улғайса киши.

Эшак бўлиб қолур юзга кирса ҳам.

Тарбияга эътиборсизликнинг оқибати нималарга олиб келишини ўз вақтида Абдулла Авлоний куюниб, “Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар... кеча тарбияларига эътибор берилмаган болалардир”, деб ёзиб қолдиради. 

Адабиётшунос олим Абдурауф Фитрат “Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ. Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайди, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар”, дейди.

Алихонтўра Соғуний тарбия хусусида шундай ёзади: “Ёлғиз инсонга эмас, барча жонлик мавжудотларда таълим-тарбия таъсири кўз олдимизда кўрилиб, бунинг натижалари бутун дунёга тарқалиб турмоқда. Ўқитиш-ўргатиш буён турсин, суҳбат ўзи ҳам, суҳбатдошларга ўт билан сувдек тез ўтади. Шунинг учун ҳам ҳар кимга, суҳбат йўлдошларига қараб баҳо берилади”.

Дарҳақиқат, нафақат бир оила, балки ер сайёрасидаги ҳар бир мамлакатнинг гуллаб-яшнаши, ундаги яшовчи халқларнинг фароғати  ҳам шак-шубҳасиз таълим ва тарбия туфайлидир.

Маълумки, улуғ мутафаккир Абу Али ибн Сино меросида илм ва ахлоқ уйғунлиги масаласи алоҳида ўрин тутади. Алломанинг “Тадбири манзил” рисоласида тарбия масаласи кўпроқ таҳлил этилган. Хусусан, “Тадбири манзил”да инсон тайёр шахсий сифат, одат ва кўникмалар билан туғилмаслиги қайд этилади. Бундай хусусиятлар одамнинг ижтимоий ҳаётида секин-аста шахсий ва ўзгалар тажрибаси, аввалги аждодлар анъаналари, таълим-тарбия ўзгаларнинг таъсири остида шаклланади. Шахс камолотида ижобий фазилат ва одатларни қарор топтириш қанчалик қийин ва мушкул бўлса, маънавий қиёфага ёпишиб олган салбий жиҳат ва одатлардан халос бўлиш шунчалик мураккабдир.

Аллома наздида болалар тарбиясини барвақт бошлаган маъқул: “Бола тана бўғинлари барқарор бўлган, унинг тили тўғри, равон гапириш ва қулоқлари тинглаш ва ўзгалар сўзларини қабул қилиш ҳамда ўрганилаётган нарсага (табиий) мойиллик пайтдан бошлаб уни илмлар ва  ахлоқ-одоб (асослари)га ўргатиб бориш лозим”.

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ҳамма вақт тарбияда бутун иш нафақат ота-оналарга, балки гўзал ахлоқ ва илмий салоҳиятга  эга бўлган устоз-муаллимларнинг саъй-ҳаракатига ҳам бевосита боғлиқ. Бунда ишни ташкил қилиш шаклларинигина эмас, айни пайтда, ишлашни тўғри йўлга қўйиш шартларини билиш ҳам муҳимдир.

Нодиржон АБДУЛАХАТОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти,

тарих фанлари номзоди

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться