Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикасининг “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси билан киритилаётган ўзгаришларга ШАРҲЛАР

2020-10-28 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 506-сонли “2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқаро молия институтларининг таклиф ва тавсияларини ҳамда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунларига бюджет жараёнини такомиллаштириш, бюджет шаффофлигини ошириш, бюджет қамровини тўлиқлигини таъминлаш бўйича янги нормалар киритилмоқда.

I Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш жараёнини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар

Бюджет лойиҳасини тайёрлаш жараёни Бюджет кодексининг 90-95-моддаларида кўрсатилган бўлиб, амалдаги тартибга мувофиқ бюджет лойиҳасини тайёрлашда аввал вазирлик, идоралар ва маҳаллий бюджетлардан бюджет сўровномалари олинади ва шу асосида бюджет харажатлари шакллантирилади. Бу эса вазирлик, идоралар ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари (келгусида – маҳаллий бюджетлар деб номланади) томонидан бюджет имкониятларини инобатга олмаган ҳолда бюджет сўровномаларини тақдим этишига олиб келмоқда.

Бюджет лойиҳасини тайёрлаш жараёнига қуйидагича ўзгартириш таклиф қилинмоқда:

Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичида Молия вазирлиги томонидан Ўрта муддатли давр учун фискал стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига 1 июнга қадар тақдим этилади. Стратегия лойиҳасида келгуси йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, даромадалар прогнозлари, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифасидан келиб чиққан ҳолда бюджет тақчиллигининг мақсадли параметрлари белгиланади ва шу асосда давлат бюджети харажатларининг вазирлик ва идоралар кесимида юқори чегаралари, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертлар миқдорлари белгиланади (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 15-банд);

Стратегия Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланганидан сўнг, бюджет харажатларининг юқори чегаралари тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 15 июнга қадар етказилади (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 16-банд).

Вазирлик ва идоралар ушбу чегаралар асосида ўз бюджет сўровномаларини шакллантиради ҳамда юқори чегарадан ортиқ зарур бўлган харажатлар бўйича ўз таклифларини 1 августга қадар беради. Шу асосида бюджет имкониятларидан келиб чиқиб, август ойида вазирлик ва идораларнинг таклифлари қайта кўриб чиқилади, макроиқтисодий прогнозлар ва Давлат бюджети кўрсаткичлари янгиланади (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 17-банд).

Шундан сўнг, юқоридаги белгиланган тартиблар асосида шакллантирилган Давлат бюджети лойиҳаси 15 сентябрга қадар Молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Бундан ташқари Қонунлойиҳасида таклиф қилинаётган бюджет лойиҳасини тайёрлаш жараёнини инвестиция дастурини шакллантириш жараёни билан уйғунлаштириш инобатга олинган.

Бюджет лойиҳасини тайёрлашнинг таклиф этилаётган жараёни тармоқ вазирликларига келгуси йил учун жорий ва капитал харажатларига ажратилиши режалаштирилган маблағларнинг чекланган миқдорлари бюджет лойиҳаси тайёрланишидан 3 ой олдин (15 июнда) етказиш имконини беради.

II Бюджет кодексига Давлат бюджетининг бирламчи тақчиллиги (профицити) тушунчаси киритилмоқда (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 1-банд).

“Давлат бюджетининг бирламчи тақчиллиги (профицити) – муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловларини чиқариб ташлаган ҳолда ҳисобланадиган Давлат бюджети тақчиллиги (профицити);

Давлат бюджетининг бирламчи профицитини таъминлаш давлат қарзини камайтиришга олиб келади ва давлат қарзини белгиланган юқори чегарасидан ошиб кетмаслигини назорат қилиш имконини беради.

III Бюджет қамровини ошириш мақсадида Давлат бюджети таркибида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини акс эттириш таклиф этилмоқда. Бунда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга ошираётган харажатлари очиқланади ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш имкони яратилади (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 7-банд).

IV Бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлашда вазирлик ва идораларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Қонун лойиҳасида:

Бюджет кодексига бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартиби ва ушбу тартибни бузган ҳолларда вазирлик ва идораларнинг рахбар ходимларига жарима қўлланилишини назарда тутувчи моддалар (Қонун лойиҳаси 3-моддаси, 33 ва 37-бандлар);

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этмаганлиги, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузганлиги учун вазирлик ва идораларнинг рахбар ходимларига жарима қўллаш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда (Қонун лойиҳаси 1-моддаси, 1 ва 2-бандлари).

Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан Regulation.gov.uz (https://regulation.gov.uz/uz/d/23839) сайти орқали танишишингиз мумкин.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Поделиться