Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилди
2020-10-28 | Сиёсат
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Б.Саидов, Гуандун провинцияси ва Гуанчжоу шаҳар Халқ ҳукумати раҳбарлари, шунингдек, мазкур провинция ишбилармон, жамоат ва эксперт доиралари вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Саидов Бош консулхонанинг очилиши Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, барча соҳаларда амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистон вилоятлари ва ХХР жанубий провинциялари ўртасидаги ўзаро товар алмашув ҳажмларини кўпайтиришга қўшимча туртки беришини қайд этди.
Йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Гуандун, Фуцзянь, Хунань, Хайнань провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани ушбу Бош консулхона округига киради.
Бош консулхонанинг очилиш маросими доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда яратилган жозибали ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, қурилиш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги жабҳасини ривожлантириш борасида эришилган муваффақиятлар ҳамда бу йўналишлардаги ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги